Кўплаб давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам вирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини бошландими?

Кўплаб давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам вирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини бошландими?

Бугун АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Хабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Дунёдаги кўп давлатларда вирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини бошлангани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Бизда ҳам шундай ҳолат бўлиши мумкинми?

Жавоб: Биз чет эллик ҳамкасабаларимиз билан деярли ҳар куни алоқада бўлиб, тажриба алмашиб турибмиз. Ҳозирги кунда иккинчи тўлқин ҳақида ахборотлар йўқ.

Хитойнинг айрим шаҳарлари коронавирусдан холи деб эълон қилингандан сўнг яна вирусга чалинган беморлар аниқланган. Лекин бу — иккинчи тўлқин эмас.

Дунё олимлари фикрига кўра, коронавируснинг бунгача бўлган бошқа турлари каби COVID-19 ҳам иккинчи тўлқин бериши мумкин, аммо бу жараён, уларнинг фикрича, кузнинг охири — қишнинг бошида бўлиш эҳтимоли бор. Лекин бу фақат тахмин.

Иккинчи тўлқин бўлса ҳам, инсоният унинг келишига тайёргарлик даражаси биринчи тўлқинга нисбатан юқорироқ бўлиши аниқ.

Савол: Коронавирусдан янги зарарланиш ҳолатлари ошиб бормоқда. Бу карантин шароитлари енгиллатилгани билан боғлиқми?

Жавоб: Таҳлилларга кўра, янги ҳолатлар асосан карантинга олинганлар орасида аниқланмоқда. Қолган аҳоли орасида аниқланган ҳолатлар фоизи сезиларли даражада паст.

Бу карантин тадбирларини енгиллатиш билан боғлиқ эмас.