Коронавирусдан вафот этганлар фақатгина мутахассислар назоратида дафн этилади

Коронавирусдан вафот этганлар фақатгина мутахассислар назоратида дафн этилади

Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Фурқат Санаев интернетда шифохонада вафот этган беморларнинг жасадини яқинларига топшириш жараёнига оид тарқалган миш-мишлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

Бемор вафот этган тақдирда ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмайди. Бундай ҳолат юз берган тақдирда ўша ходимга нисбатан чора кўрилади.

—Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта унинг юзини яқинларига кўрсатиб, аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда тўла акс этади, — дейди Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроилов.

Ҳозирги кунда коронавирусдан вафот этган беморларни дафн этиш жараёнлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги  ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.

Вазирлик мутасадди вакили пандемияни бартараф этиш учун мамлакатимиз раҳбарияти ва соғлиқни сақлаш тизими томонидан зарур бўлган барча чоралар кўрилаётгани, шундай шароитда юртдошларимизни турли асоссиз хабарларга ишониб қолмасликка чақирган.