Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзо Улуғбек Абдусаломов: "Овоз беришни электронлаштириш режамизда бор"
24.12.2019 11:52,  
199

2019 йил 23 декабр куни Марказий Сайлов Комиссияси Халқаро Матбуот Марказида МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов сайлов якунларига бағишланган брифингдан сўнг журналистлар билан қисқа савол-жавоб ўтказди.

Унда биринчи бўлиб, “Адолат” социал-демократик партиясидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига Учтепа тумани 6-Чўпонота сайлов округидан номзод қилиб кўрсатилган Обиджон Латипов савол берди:

– Кеча менинг номзодим кўрсатилган округнинг 48-сайлов участкасида участка ходимларининг ўзи пачкалаб сайлов бюллетенларини тўлдириб, қутига ташлаётгани ишончли вакилларим томонидан аниқланди ва видео-фото ҳужжатлар билан қайд этиб қўйилди. Аммо у ерга чақирилган масъуллар бунга қарши чора кўрмади. Участка ходимларининг ўзи сайлов қонунчилигини бузиб турган бўлса, бу келгуси сайловларда сайловчиларнинг ишончини йўққа чиқармайдими?

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Буни сайлов учун шармандали ҳолат ҳисобланади. Сиз ўзингиз йиққан барча далилларни бизга беринг, биз уни шу бугуноқ Бош прокуратага етказиб берамиз.

Малоҳат Йўлдошева, журналист: – Олий Мажлис депутатлиги учун 22 та сайлов округига қайтадан сайлов ўтказилади, дедингиз. Агар буни фоиз ҳисобида олсак, қайси вилоятда кўпроқ, қайси бирида камроқ? Кейин қайта сайловларда номзодларнинг тарғиботи олиб бориладими? Агар олиб борилса, бу қайси маблағ ҳисобидан бўлади? Икки ҳафтадан кейин ўтказиладиган қайта сайловларга давлат бюджетидан маблағ жалб этиладими?

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Қайта сайлов учун ажратилган маблағлар бор. Бу олдиндан ҳисобга олинган. Агар етмай қолса, биз ҳукуматга чиқиб, маблағ ажратишини сўраймиз.

Қайта сайлов бўладиган округларга келсак, энг кўпи бу Жиззах вилоятида, у ерда 5 та округда қайта сайлов бўлади. Қашқадарёдаги 3 та округда қайтадан сайлов бўлади. Бухоро, Навоий ва Сирдарёда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси учун ўтказилган сайловларда барча депутатлар сайлаб бўлинди. Қолган вилоятларда 1-2 тадан сайлов округида қайта сайлов бўлади. Жами 22 та округда қайта сайлов ўтказилса, тартиб ўша-ўша: номзодлар тарғиботи олиб борилади, сайловчилар билдан учрашилади, сайловдан бир кун олдин сукут куни бўлади, кузатувчиларни ҳам таклиф қиламиз.

“Америка овози” нашри мухбири Навбаҳор Имомова: – Сайлов натижалари чиқишини 18 соат кутдик, ҳозирги Ўзбекистон учун бу жуда узун муддат эмасми? Мен кеча 882-сайлов участкасини кузатдим. Тўғри, ҳаммаси қоғозда, қийин, қизиқ жараён. Лекин вилоятлардаги сайлов комиссиялари натижаларни тезроқ айтиши керак эмасми? 18 соат ичида турли шубҳа-гумонлар уйғонади.

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Жуда тўғри гапни айтдингиз, фикрингизга қўшиламан, бу муддат кўп. Агар биз сайлов жараёнига ахборот технологияларини тўлиқ киритсак, Худо хоҳласа, бу ишлар бошланди. Мана, масалан, 120 та камера ўрнатилган 60 та сайлов участкасида биронта ҳам қонун бузилиши ҳолати кузатилмади. Демак, қолган участкаларда ҳам буни ташкил қилишимиз керак.

Мен боя маърузамда ҳам айтдим: бизда овоз санаш ва натижаларни етказиб беришда муаммо борлиги кўриниб қолди. Менимча, бу жараёнда инсон омилидан фойдаланишни камайтиришимиз керак. Буни қанча камайтирсак, қонун бузилиши, ғирромликлар шунча камайиб кетади. Тез орада бу йўналишга ҳам ахборот технологияларини жалб қиламиз. Бунинг учун албатта, озгина маблағ керак бўлади, озгина вақт керак бўлади. Келажакда бу масалани тўлиқ ойдинлаштириб оламиз, Худо хоҳласа. Шундай бўлиши керакки, сайлов участкасида овозлар санаб бўлинганида бизга бу натижа узоғи билан 10-20 дақиқада етиб келиши керак.

Навбаҳор Имомова: – Овоз бериш ҳам электронлашиши мумкинми? Ёки қоғозда қоладими ҳозирча?

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Буни ҳам режалаштиряпмиз, чет эл тажрибаларини ўрганяпмиз. Масалан, Қирғизистонда овоз бериш ҳам электрон тартибда бўлади. Буни биз узоқ ўргандик. Худо хоҳласа, бу масалани ҳам ҳукуматнинг олдига қўямиз. Маблағ масаласида ёрдам бўлса, буни ҳам йўлга қўямиз.

Daryo.Uz нашри мухбири Мусулмонбек Иброҳимов: – Маъмурий жавобгарликка тортилган кишининг депутат бўлиб, халқ вакили бўлиб ишлаши қанчалик тўғри?

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Маъмурий билан жиноий жавобгарлик ўртасидаги тафовутни яхши билиш керак. Масалан, кўчада машина ҳайдаб кета туриб, қизил чироқда ўтиб кетдингиз, сизга маъмурий жавобгарлик юклатилди. Аммо маънавий жавобгарлик масаласи бор. Лекин маъмурий жавобгарликка тортилгани учун номзодлик мақомидан маҳрум қилиш керак деган норма бизнинг Сайлов Кодексимизда йўқ.

Gazeta.Uz нашри мухбири Шуҳрат Латипов: – Қайта сайлов ўтказиладиган округлар сони ўзгариши мумкинми?

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Ҳа, ўзгариши мумкин. Агар бизга қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар бўлса ва бу исботланса, қайта сайлов ўтказиладиган округлар сони кўпаяди.

Sof.Uz нашри бош муҳаррири Давронбек Тожиалиев: – Кеча Марказий Сайлов Комиссияси раиси ўринбосари Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги сайлов округларидан биридаги номзодлар, жумладан, Олий Мажлисга кўрсатилган номзодларга овоз бериш тўғрисида “юқоридан” босимлар бўлгани ҳақида мурожаат тушганини айтганди. Шу ишнинг натижаси нима бўлди? Иккинчи ҳолат, кеча Яшнобод туманида ҳокимлик вакилининг сайлов округлари раисларига берган ноқонуний буйруғи ҳақида хабарлар тарқалди. Шу масала ҳам ўрганиб чиқилдими?

Мирзо Улуғбек Абдусаломов: – Иккала масала ҳам чуқур ўрганилиб, маълумотлар прокуратурага юборилди. Бу бўйича бош прокурор маълумот беради. Бизга 1-2 кунда бу жавоб берилади, деб ўйлайман. Шунда тегишли чораларни кўрамиз.

Ҳаммангизга миннатдорчилик билдрамиз. Яна бир бора ҳаммамизга янги Олий Мажлис, янги парламентимиз муборак бўлсин. Ишларингизга омад тилаймиз. Хайрихоҳликларингиз учун, биз билан биргаликда жон куйдирганингиз учун барча оммавий ахборот воситалари ходимларига, азиз меҳмонларимизга, кузатувчиларимизга, сиёсий партиялар раҳбарларига, ҳаммаларингизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Соғ-саломат бўлинглар.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан