Навоий ва Сурхондарё ҳокимлари Тошкентда коронавирусдан даволаниб, ўз ишларига қайтди

Навоий ва Сурхондарё ҳокимлари Тошкентда коронавирусдан даволаниб, ўз ишларига қайтди

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволаниб, тўлиқ соғайди ҳамда ўз фаолиятни давом эттиришга киришди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қобул Турсунов вилоят ҳокимлигининг масъул ходимлари – ҳоким ўринбосарлари, котибият мудирлари, гуруҳ раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддилар билан дастлабки йиғилиш ўтказган.

–Хусусан, пандемияни жиловлаш жараёнларида биринчи навбатда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, ҳар томонлама мураккаб шароитда иқтисодий-ижтимоий соҳаларнинг барча бўғинларида барқарор иш тизимини таъминлашда мавжуд куч ва имкониятларни тўлақонли сафарбар этиш давр талабидир, – дея таъкидлади Қ.Турсунов.

Шунингдек, кеча Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанишдан сўнг буткул соғайиб, воҳага қайтди.

Т. Боболов Термиз халқаро аэропортида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар билан мулоқот ўтказиб, воҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, коронавирус пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда бошқа зарур масалалар хусусида атрофлича фикр алмашди.