«Назарбек» санаторийси ходими ҳамда «Малика»га келиб-кетган шахсда ҳам коронавирус аниқланди

«Назарбек» санаторийси ходими ҳамда «Малика»га келиб-кетган шахсда ҳам коронавирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, аҳоли орасида коронавирус қайд этилиши ҳолатлари мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда кузатилмоқда. Бугун Жиззахда ҳам икки ҳолатда аҳоли орасида касаллик қайд этилди. Маълумки, ушбу вилоятда 3 та ҳолатда касалланиш аниқланиб, уларнинг энг сўнггиси 27 апрель куни соғайиб, коронавирусдан холи ҳудудга айланган эди.

Шу ўринда кеча аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларининг ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 18 нафар, Самарқанд вилоятида 8 нафар, Тошкент вилоятида 5 нафарни ташкил этганлигини гувоҳи бўламиз.

Жумладан, Тошкент вилоятида Ўртачирчиқ туманида яшовчи Н.А.да (Юнусобод туманидаги «Малика» маиший техника савдо мажмуасига борган), «Назарбек» санаторийси ходими Х.А.да (30 майдан 13 июнгача карантинда бўлган), Зангиота туманида яшовчи М.Д.да, Қибрай туманида яшовчи С.И.да (тана ҳарорати кўтарилгани учун тез тиббий ёрдам чақирган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, республика Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Самарқанд вилояти филиали ходими З.А.да, Каттақўрғон туманида яшовчи Р.А.да (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган) ва унинг 4 нафар қариндоши ҳамда 2 нафар қўшнисида ҳам коронавирус аниқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Аввал айтиб ўтганимиздек, юртимизнинг барча ҳудудларида коронавирус юқтириб олиш хавфи мавжуд. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, аҳолидан, аввало, озодаликка алоҳида эътибор бериш, сабабсиз ва заруратсиз кўчага чиқмаслик, уйдан чиққанда ҳам ижтимоий масофани сақлаш, ниқобни тўғри тақишга, жамоат транспортидан тўғри фойдаланиш, қўлларни яхшилаб, қайта-қайта ювиш каби карантин ва санитария қоидаларига доимий равишда қатъий риоя этишларини сўраб қолади» - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими ахборотида.