Нефт нархи 31 долларгача пастлади — асосий савдо ҳамкорларимизда аҳвол яхши эмас

Нефт нархи 31 долларгача пастлади — асосий савдо ҳамкорларимизда аҳвол яхши эмас

Фото: Лукоил

Май ойи фючерс шартномаларида Brent баҳосидаги нефт нархи 16:00 (Тошкент) ҳолатига кўра 30,66 долларни ташкил этмоқда. Айни пайтда WTI маркали нефт нархи эса 6,32 %га арзонлаб, $30,2 дан таклиф қилинмоқда.

Шимолий Европанинг йирик молиявий гуруҳларидан бири Нордеа Банк таҳлилчилари фикрича, молия бозоридаги қўрқув туфайли нефт нархи бошқа рискли активлар қатори кескин пастлаб кетди.

Дунёда коронавируснинг тарқалиши билан тобора кўпроқ мамлакатлар одамлар ҳаракатини чеклаш, жамоат жойларини ёпиш ва карантин чораларини жорий этишмоқда. Бу иқтисодий фаолиятга салбий таъсир қилади ва натижада энергияга талабнинг мавҳум истиқбол шаклида чеклайди, дейди банк мутахассислари.

Нефт нархига босим, шунингдек, ОПЕК + келишувини бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш учун узайтирилмаслиги билан изоҳланади. 6 март куни ОПЕК + келишувининг тарафлари иккинчи чоракда ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтириш тўғрисида келиша олмадилар. Натижада, давлатлар 1 апрелдан бошлаб хом ашё қазиб олиш бўйича барча чекловларни бутунлай олиб ташладилар.

Рискли активлар бозорида сотиш нуқтаи назаридан, Brent маркали нефт нархлари келгуси кунларда бир баррел учун 30 долларга баҳоланиши мумкин, дея тахмин қилмоқда Нордеа Банк мутахассислари.

Нефт нархи иқтисодиёти у билан боғлиқ ташқи савдо ҳамкорларимизга ҳам таъсир қилмай қолмади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида иккинчи ўринни эгаллаган Россияда бу душанба ҳам омадли бошланмади. Доллар 75 рублгача кўтарилди, евро 83 гача. Россия фонд индекслари ҳафтани 4 %лик пасайиш билан бошлади.

Қўшни Қозоғистон ташқи савдо айланмамизда учинчи ўринда. 2019 йилда ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,3 млрд доллар. Душанба куни Қозоғистон валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар курси 450 тенгегача кўтарилди. Кўплаб пунктлар валюта савдосини тўхтатиб қўйди. Қозоғистон валюта биржаси (KASE)да $1 – 435 тенгедан сотилмоқда.