ССВ 37 ёшли туман ҳокими коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади

ССВ 37 ёшли туман ҳокими коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади

Кеча Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Аяпбергенович Толибаев коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумотни тасдиқлади.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшаган 37 ёшли Д.Т.да (эркак) иситма, умумий ҳолсизлик ва қуруқ йўтал пайдо бўлгач, жорий йил 10 июль куни республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 

Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, ўткир респиратор дистресс синдром ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, мия шиши асоратлари билан кечган. 

Шунингдек, беморда семизликнинг 3-даражаси, юрак ишемик касаллиги каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. 

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шишидан вафот этган.