Аввал хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод тумани раҳбарлари, маҳалла раислари, тадбиркорлар, мактаб ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда президент одамларга муаммоларни очиқ-ойдин муҳокама қилгани келганини, шунинг учун ёдланган гапларни гапирмасдан, кўпроқ савол бериб, таклифларини айтиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, Яшнобод туманида мактабгача таълим муассасаси қуриш, мактабларни капитал таъмирлаш, замонавий клиникалар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, одамларни кўпроқ дорига эмас, балки тўғри овқатланишга, спортга ўргатиш бутун жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши кераклиги қайд этилди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
- Яшнобод ўз номига муносиб яшнаб туриши, қуйи тизимда ишни ташкил қилиш бўйича намуна бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Очиқ мулоқотда аҳоли ва тадбиркорлар ўз фикр-мулоҳазаларини айтди. Президентимиз билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.