Вазирлар Маҳкамасида 16 апрель куни Коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисини давлат ресурлари ҳисобига ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб, барча ҳудуларга бир маромда ун етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, маҳсулотни биржа савдоларисиз, тўғридан-тўғри шартномалар билан сотиш бўйича бўйича топшириқ берилди.
Ҳукумат топшириғига асосан «Ўздонмаҳсулот» корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун учун 125 минг сўм қилиб белгиланган. Бу ҳақда Дарё нашри хабар бермоқда.
Қайд этишларича, ун маҳсулотлари нархларининг шаклланиши солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қатъий назоратга олинган.
Уннинг биржа савдоларидан олинишига маҳсулотнинг асосий қисми чекка ҳудудларга етиб бормай, шаҳар ҳамда туман марказларида қолиб кетгани сабаб бўлди.
Маълумот учун, ҳозирда «Ўздонмаҳсулот» корхоналари тасарруфидаги 52 та тегирмон цехларида ҳар куни 6 минг тоннадан ортиқ ун ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналар омборларида 32 минг тоннадан ортиқ ун захираси бор ва, эҳтиёждан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш хажмини ошириш имкониятлари мавжуд.
Карантин пайтида уннинг нархи қимматлиги сабаб солиқ қўмитасига вилоятлардан мингдан ортиқ шикоятлар келиб тушган эди.