Ўзбекистон бўйлаб 37 киши коронавирусдан тузалди

Ўзбекистон бўйлаб 37 киши коронавирусдан тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бугун Самарқанд вилоятида 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан (5 нафари Оқдарё туманидан, 3 нафари Самарқанд шаҳридан, 2 нафари Тойлоқ туманидан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 5 нафари эркак, 5 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 33 ёшда, ёши кичиги эса 2019 йилда туғилган.

Шунингдек, пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 3 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 24 нафар, жами 27 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан соғайганларнинг барчаси Тошкент шаҳридан ва коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 1 нафари эркак, 2 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 31 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 4 нафари касалликни коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олган. Қолган 20 нафар фуқаро эса чет элдан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Улардан 21 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 60 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 4 ёшда.

Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2195 нафарни ташкил этмоқда.