Ўзбекистон ерёнғоқ экспорти географиясини кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ерёнғоқ экспорти географиясини кенгайтирмоқда

Жорий йил май ойидан «Global Export Company» масъулияти чекланган жамияти Хитой бозорига Ўзбекистонда етиштирилган ерёнғоқни экспорт қилишни бошлади. Хитойга 1 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома доирасида маҳсулот етказиб берилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда. 

Хитой жаҳондаги ерёнғоқ етиштирадиган нафақат йирик ишлаб чиқарувчи, балки йирик истеъмолчи ҳам ҳисобланади. Масалан, 2019 йилда Хитойнинг тозаланган ерёнғоқ импорти ҳажми 405 минг тоннани ташкил этди. Бу 285 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг. Африка қитъасидаги Сенегал, Эфиопия, Судан, шунингдек, Ҳиндистон ва Америка Қўшма Штатлари ушбу маҳсулотни етказиб берган асосий мамлакатлар бўлди. Энди эса Хитойга ерёнғоқ етказиб берадиган экспортчи давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам жой олди.

2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмагида Ўздавкарантин билан ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида Хитойга ўзбек ерёнғоғи экспорт қилинишига қўйиладиган фитосанитар талаблар тўғрисидаги протокол имзоланган эди.

Ҳозирда Хитой билан гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, кунжут, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, аччиқ ва ширин ўрик данаги, асал (жами 14 та) экспортини кўзда тутадиган фитосанитария талаблари бўйича идоралараро протоколлар мавжуд.