«Ўзбекистон олий таълим тизимининг деярли барча бўғинларида коррупциявий рисклар кузатиляпти»

«Ўзбекистон олий таълим тизимининг деярли барча бўғинларида коррупциявий рисклар кузатиляпти»

Республика олий таълим Кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган онлайн йиғилишида Бош прокуратура ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти бўлим бошлиғи Жаҳонгир Ибрагимов олий таълим соҳасида содир этилаётган иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупция ҳолатлар юзасидан маълумот тақдим этди.

Ташвишланарлиси, олий таълим муассасаларида пора сўраш, бюджет маблағларини ўзлаштириш ўқув-таълим жараёнларининг деярли ҳар бир бўғинида қайд этилмоқда.

Коррупциявий хавф асосан қўйидаги соҳаларда кузатилмоқда:

- ижодий имтиҳони бор факультетларга ўқишга киритиб қўйиш;

- ўқишни бир олий ўқув юртидан бошқасига кўчириш, факультет ёки йўналишни ўзгартириш;

- китоб ёки илмий мақолаларни нашр этишда раҳбар ўзини муаллиф қаторига қўшиши;

- талабани ётоқхоналарга жойлаштириш (100 минг сўмдан 200 долларгача);

- курс ишлари, бакалавр битирув малакавий ишини қабул қилишда;

- дарс соатларини тақсимлаш, ишга қабул қилиш, лавозимни ўзгартириш, таълим муассасасида ишламайдиган шахсларга, яъни «ўлик жон»ларга иш ҳақи ҳисоблаш;

- сохта дипломлар мавжудлиги, дипломларни нострификация қилишда порахўрлик ва коррупциянинг бошқа шакллари мавжуд;

- қурилиш учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, канселярия моллари учун ажратилган маблағларни таниш корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш;

- олий таълим муассасалари ҳудудидаги нашриёт, савдо дўкон, ошхоналар фаолияти юзасидан ижара пулларини шартномаларда кам расмийлаштириб, қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштириш.