Ўзбекистонда барқарор ривожланиш бўйича Парламент комиссияси илк бор йиғилди

Ўзбекистонда барқарор ривожланиш бўйича Парламент комиссияси илк бор йиғилди

13 май куни Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилди Сенат матбуот хизмати.

Унда Парламент комиссияси аъзолари — Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари, БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги доимий вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.

Муҳокаманинг асосий мавзуси Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси бўлди. Ўзбекистон 2020 йилда ўтказиладиган Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумда Ихтиёрий миллий ҳисоботни тақдим этишни режалаштираётган 49 та мамлакат рўйхатига киритилган.

Сенат раиси Танзила Норбоева комиссия ҳукумат ҳузурида ташкил этилган тегишли Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва масъул тузилмаларнинг даврий ҳисоботларини эшитишини маълум қилди. Парламент комиссияси Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларни амалга ошириш устидан миллий ҳамда ҳудудий даражада, вилоятлар ва туманлар кесимида назорат олиб боради. Бунда 6600 дан ортиқ маҳаллий Кенгашлар депутатларининг салоҳиятидан фойдаланилади.

Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида Парламент комиссияси ишига кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари жалб этилади.

Комиссия ўрганишлари натижаларидан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

2020 йил давомида 17 та Барқарор ривожланиш мақсадларидан 8 тасининг амалга оширилишини ўрганиш назарда тутилган.