Ўзбекистон бўйлаб яна 17 нафар бемор коронавирусдан соғайди

Ўзбекистон бўйлаб яна 17 нафар бемор коронавирусдан соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бугун Самарқанд вилоятида 15 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб чиқди ва реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан (6 нафари Самарқанд шаҳридан, 4 нафари Тойлоқ туманидан, 3 нафари Оқдарё туманидан, 1 нафардан эса Пайариқ ва Иштихон туманларидан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 6 нафари эркак, 9 нафари аёл, энг ёши каттаси 52 ёшда, ёши кичиги эса 11 ёшда.

Вилоятда шу пайтга қадар 129 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 144 нафарга етди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб чиқди ва реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг бири (35 ёшли эркак) Бухоро вилоятидан бўлиб, Қозоғистондан келган, иккинчиси эса (36 ёшли эркак) Самарқанд вилоятидан бўлиб, Россиядан Қозоғистон орқали келган. Иккиси ҳам карантинга олинган ва коронавирус инфекцияси аниқланиши билан шифохонага ётқизилган.

Қорақалпоғистонда шу пайтга қадар 110 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 112 нафарга етди ҳамда ушбу ҳудудда ҳозирда 8 нафар бемор даволанмоқда.

Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 2158 нафарни ташкил қилмоқда.