Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш учун турк мутахассислари келди

Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш учун турк мутахассислари келди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида эришилган келишувларга асосан юртимиздаги COVID-19га қарши кураш марказий штабига коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича консультантлари сифатида турк мутахассислари ташриф буюрди.

Улар орасида Туркиянинг Медипол университети илмий кенгаши аъзоси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, профессор Режеп Озтюрк, Хасеттепе университети илмий кенгаши аъзоси, жамоатчилик саломатлиги бўйича мутахассис, профессор Левент Акин ва Анқара шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, профессор Хатитсе Рахмет Гюнер бор.

Бугун юртимиз Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов консультантларни қабул қилди ва мамлакатимизда COVID-19га қарши олиб борилаётган чоралар ҳақида батафсил гапириб берди.

Учрашув иштирокчилари янги коронавирус инфекциясини профилактикаси ва даволашнинг амалий жиҳатлари, ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди. Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг тафсилотлари ҳам муҳокама қилинди.

Туркия мутахассислари билан соғлиқни сақлаш соҳасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди. Бунда таълим соҳасидан тортиб, ихтисослашган тиббиёт муассасалари ўртасидаги тажриба алмашув, мураккаб жарроҳлик амалиётларини биргаликда ўтказиш, тиббий жиҳозлар билан таъминлашгача йўналишлар қамраб олинган.

Томонлар турли ёшдаги беморларда COVID-19 касаллиги, янги турдаги коронавирус инфекциясининг характерли белгилари, ушбу касалликнинг ўзига хос белгилари, диагностика усуллари, даволаш протоколлари, соғайган беморларни кузатиш ва бошқа мавзуларни муҳокама қилдилар. Реанимация бўлимларида ўта оғир беморларни даволашнинг сўнгги усулларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди.

Ташриф давомида турк мутахассислари тиббиёт муассасалари, жумладан бирламчи тиббиёт муассасалари ва Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохона иш фаолияти, касалланган беморларни даволаш баёнлари, юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ бўлган эпидемиологик вазиятни батафсил ўрганиб чиқадилар, илмий-амалий тадбирларда иштирок этадилар ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларида даволанаётган аҳволи ўта оғир беморларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида онлайн видеоконференциялар ўтказади.

Шунингдек, Туркия Республикасининг COVID-19га қарши курашда ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш имконияти кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекциясига чалинган аҳволи оғир беморлар ҳолати, уларни даволаш жараёнини таҳлил қилиш ва керакли ўзгартиришларни киритиш мақсадида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ва олимлар иштирокида видеоконференциялар мунтазам ташкил этилмоқда.

Айни пайтда Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассисларидан бўлмиш профессор Вернер Бер ҳам мамлакатимиздаги COVID-19га қарши кураш марказий штабида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича консультант сифатида бўлиб турибди. У мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳволи оғир беморларни самарали даволаш бўйича зарур тавсияларини бермоқда, натижада даво-муолажаларини коррекция қилишга эришилмоқда.