Ўзбекистонда шифокорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус акция бошланди (видео)

Ўзбекистонда шифокорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус акция бошланди (видео)

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати коронавирусга қарши курашаётган шифокорларнинг фидокорона хизматлари учун миннатдорлик билдириш мақсадида махсус флешмоб-акцияни бошлади. 21 июль куни акция доирасида Тошкентдаги Humo Arena муз саройи ҳамда Hilton меҳмонхонасининг LED экранларида «Ўзбекистон шифокорларига раҳмат» ёзувлари пайдо бўлди.

«Ўзбекистон дунё мамлакатлари қаторида коронавирус синовидан ўтмоқда. Бунда тиббиёт ходимларининг хизмати катта. Улар айни вақтда коронавирус инфекциясига қарши курашда олд сафларда туриб жанг қилмоқда ва ҳар куни ҳақиқий қаҳрамонлар каби жасорат кўрсатиб, беморлар ҳаётини сақлаб қолмоқда.

Дунё бўйича одамлар пандемияга билан курашаётган шифокорларга турли йўллар билан миннатдорлик билдирмоқда. Кўпчилик асфальт устига «раҳмат» сўзини ёзиб, ижтимоий тармоқлар орқали ташаккур айтмоқда. Шифокорларга бундай таъзим шак-шубҳасиз ҳурмат-эҳтиром ва эътироф намунасидир.

Мамлакатимиз шифокорларининг коронавирус билан кураш йўлидаги фидокорона хизматлари учун миннатдорлик изҳор қилиш мақсадида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ўзбекистон шифокорларига раҳмат» мавзусида флешмоб-акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, акция доирасида Humo Arena муз саройи ҳамда Hilton меҳмонхонасининг LED экранларида тарғибот ролиги намойиш этилган. Катта экранларда шифокорларга миннатдорлик билдирилган сўзлар пайдо бўлган. Намойиш маҳаллий телеканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган.