Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларининг кириш имтиҳонлари ҳам қисқартирилади

Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларининг кириш имтиҳонлари ҳам қисқартирилади

Фото: Тошкент ислом институти

Маълум қилинишича, Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида тасдиқланган қабул Низомига кўра ўрта махсус ислом таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 15 июндан 5 июлгача, олий диний таълим муассасаларида эса 15 июндан 15 июлгача ўтказилиши белгиланган.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш юқорида қайд этилган муддатларда онлайн, масофавий шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов хабар берди.

  • Аввалги йилларда қабул имтиҳонлари ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 3 та фан (Чет тили, Тарих, Маънавият ва маърифат) бўйича тест синови шаклида;
  • Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳон, “Фиқҳ ва ақоид”, “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синови шаклида;
  • Ҳадис илми мактабида “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”, “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳон, “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест синови шаклида ўтказилган эди.

Юртимизда карантин тартиблари давом этаётгани ва абитуриентларга қулайликлар яратиш мақсадида 2020-2021 ўқув йили учун диний таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонларини истисно тариқасида фанларни қисқартириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар, олий диний таълим муассасаларига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган битирувчилар қабул қилиниши эслатиб ўтилган.

Кириш имтиҳонлари ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва қабул жараёнларига оид маълумотлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан берилиши маълум қилинди.