Паркентда карантиндан қочган шахс ушланди - у жиноий жавобгаликка тортилади

Паркентда карантиндан қочган шахс ушланди - у жиноий жавобгаликка тортилади

Тошкент вилояти ИИББ Паркент тумани ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида карантинда бўлиб туриб, белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай қочган шахс ушланди.

Тафсилотларга кўра, жорий йилнинг 19 март куни Россия Федерациясининг Самара шаҳридан Ўзбекистон Республикасига кириб келган поезд йўловчилари, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда, Самарқанд вилоятига ташкил этилган карантин марказларига жойлаштирилган. Аммо, Паркент туманида яшовчи 1954 йилда туғилган фуқаро Топган. Э. белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай карантиндан қочган.

Ҳозирда ушбу шахс ўз уйида ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида изолацияга олинган. Шунингдек, фуқаро Топган. Э.га  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 257(1)-моддаси  (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Батафсил маълумот берилади.

Мамлакатимизда инфекциясининг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида карантин эълон қилинган. Мазкур вазиятда давлат идораларининг асосий вазифаларидан бири аҳоли ўртасида саросимага йўл қўймаслик ва қисқа муддат ичида мазкур инфекциянинг тарқалишига қарши курашишдир. Шу билан бирга, аҳоли тинчлиги ва жамоат тартибини сақлаган ҳолда жиноятчиликнинг олдини олишдан иборат.

Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамиз. Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.