Пиёдани уриб юборган Бош прокуратуранинг собиқ ҳайдовчисига суд ҳукми ўқилди

Пиёдани уриб юборган Бош прокуратуранинг собиқ ҳайдовчисига суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Ўзбекистон Бош прокуратураси Халқаро ҳуқуқий ёрдам бошқармасининг собиқ ҳайдовчиси Жамшид Абдураҳмоновга нисбатан 2 йил синов муддати билан шартли 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Январь охирида у Lacetti хизмат автомобилида Вестминстер университети ходимини уриб юбориб, унинг ҳаётига зомин бўлган эди.

Ҳодиса 24 январь куни Шаҳрисабз ва Истиқбол кўчалари чорраҳасида содир бўлди. 58 ёшли ОТМ ҳодими пиёдалар ўтиш йўлагида уриб юборилган эди. Олган тан жароҳатлари натижасида у 29 январь куни 1-сонли Республика клиник шифохонасида вафот этди.

Олий суд матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, Жамшид Абдураҳмонов (1988 й. т.) иши бўйича суд мажлиси 15 апрель куни судья Қаҳрамон Мирсафоев раислиги остида бўлиб ўтган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Жамшид Абдураҳмоновни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Жамшид Абдураҳмоновга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Юқоридаги моддага кўра, суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин. Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги назорат олиб боради.

Қуд ҳукм чиқаришда айбланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаган ҳисобланиши, моддий ва маънавий зарар тўлиқ қоплагани, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва бошққа ҳолатларни ҳисобга олди.

4844