Президент банк сектори бўйича йиғилиш ўтказди

Президент банк сектори бўйича йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

6 июль, душанба куни президент Шавкат Мирзиёев банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказди.

Стратегия 2020 - 2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, бунда асосий эътибор банк активларида хусусий сектор улушини 15 фоиздан 60 фоизга оширишга қаратилган.

Ҳозирда 6 та тижорат банки – “Ипотекабанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Агробанк” молиявий диагностика, истиқболли стратегияларни ишлаб чиқиш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни бошлаган. Бироқ, бошқа банкларни трансформация қилиш ишлари етарли даражада фаол олиб борилмаяпти, деди давлатимиз раҳбари.

Бу камчиликни бартараф этиш учун

  • банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни хатловдан ўтказиш,
  • Марказий банк ҳузуридаги Қайта тайёрлаш корпоратив марказида аввало жойлардаги банк ходимлари учун банклар трансформациясини тушунтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш топширилди.

Йиғилишда банкларнинг кредит портфели ва лойиҳалар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Стресс-тестлар натижаларига кўра, муаммоли кредитлар улуши бир неча баробар кўпайиши мумкинлиги, бу эса банк тизими учун жиддий хатар экани қайд этилди.

Шу муносабат билан муаммоли кредитларни ҳудудлар кесимида батафсил таҳлил қилиб, кредит портфели сифатини сақлаб қолиш бўйича таъсирчан механизм ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилди. Марказий банк барча тижорат банклари кредит портфеллари хатловдан ўтказилгач, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир мижознинг молиявий имкониятларини тиклаш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.