Президент давлат банкларини қаттиқ танқид қилди

Президент давлат банкларини қаттиқ танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

6 июль, душанба куни президент Шавкат Мирзиёев банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда давлат активлари бор тижорат банкларида ҳукуматдан олинган маблағлар ҳиссаси ҳамон юқорилиги танқид қилинди.

Хусусан, бундай кредитлар улуши Қишлоқ қурилиш банкда 41 фоизни, Ипотека банкда 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос. Шу муносабат билан Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Президент банклар молиявий ресурсларни давлат ёрдами ва кўмагисиз, мустақил жалб қилишлари зарурлигини қайд этди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарлари ахборот берди.