Президент Карим Камоловнинг таъзия маросимларида қатнашиб, унинг оиласига ҳамдардлик билдирди (фото)

Президент Карим Камоловнинг таъзия маросимларида қатнашиб, унинг оиласига ҳамдардлик билдирди (фото)

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев кеча 23 август куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, давлат ва жамоат арбоби Карим Камолов хотирасига бағишланган таъзия маросимларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига бориб келди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Жамолович Камолов 22 август куни 65 ёшида вафот этди. Марҳум Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати Имом» қабристонига дафн этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни бу ерга ташриф буюриб, Карим Камолов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Маълумот учун: Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини битириб, меҳнат фаолиятини қурилиш соҳасида бошлаган. 1994-2007 йилларда Бухоро шаҳри ҳокими сифатида самарали меҳнат қилган. Карим Жамолович 2007-2017 йилларда «20-трест» масъулияти чекланган жамият раиси бўлиб ишлаган. У 2017 йилдан Бухоро шаҳри ҳокими, 2020 йил февралдан Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида меҳнат қилди.

Карим Камоловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб, у «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида Карим Камолов хонадонига келиб, унинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирди, жудоликни енгишда сабр-тоқат тилади.

Давлатимиз раҳбари марҳумнинг эл-юрт фаровонлиги йўлидаги хизматларини эътироф этди.

  • Раҳматли Карим ака жуда яхши инсон эди, беғубор қалб эгаси, ноёб меҳнатсевар киши эди. Бухородаги ўзгаришларга кўп меҳнатлари сингганди. Режалари ҳам улкан эди. Беқиёс ҳалоллик ва садоқат билан, ўзини ўйламай, одамларнинг манфаати учун ишлади. Бир пайтлар адолатсизлик туфайли бошидан кечирган кунлари ҳам унинг соғлиғига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. У кишининг фидокорона хизматларини давлатимиз, халқимиз асло унутмайди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Шу куни президент Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, давлат ва жамоат арбоби Карим Камолов хотирасига бағишланган таъзия маросимларида иштирок этиб, Бухородан Тошкентга қайтиб келди.