Қорақалпоғистон ва Тошкентда 2 киши коронавирусдан вафот этди

Қорақалпоғистон ва Тошкентда 2 киши коронавирусдан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшовчи 42 ёшли Б.Д.да (эркак) жорий йил 3 июль куни “COVID-19” инфекцияси тасдиқланган ва Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга “COVID-19” инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги, семизлик 2-даражаси асоратлари билан кечган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 51 ёшли З.С. (эркак) 17 июль куни ИИВ Марказий госпиталининг реанимация бўлимига ётқизилган ва 18 июль куни унда “COVID-19” тасдиқланган.

Унга “COVID-19” инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган.

Шунингдек, унда юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг ўта оғир кечиши, иккала болдир артериялари окклюзияси, чап сон ёнбош артерияси стенози, сурункали панкреатит каби ҳамроҳ хасталиклар бўлган.

Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.