Россия тергов қўмитаси Навалнийга нисбатан жиноят иши қўзғатди

Россия тергов қўмитаси Навалнийга нисбатан жиноят иши қўзғатди

Тергов қўмитасининг гумонига кўра, Навалний қатор нотижорат ташкилотлари фаолияти эҳтиёжи учун 588 миллион рублдан ортиқ маблағ тўплаган ва бу маблағнинг 356 миллион рублини шахсий мақсадлари учун сарфлаган.

Россия тергов қўмитаси Алексей Навалнийга нисбатан жиноят иши қўзғатди. У ўта йирик миқдорда товламачилик жиноятини содир этишда гумонланмоқда.

Тергов қўмитасининг билдиришича, мухолифатчи қатор нотижорат ташкилотлари фаолияти эҳтиёжи учун 588 миллион рублдан ортиқ маблағ тўплаган. Гап «Коррупцияга қарши кураш фонди», «"Йилнинг бешинчи фасли" оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш фонди», «Фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш фонди», «Фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш фонди» ва «"ШТАБ" фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фонди» тўғрисида бормоқда.

Қўмитанинг гумонига кўра, у йиғилган маблағнинг 356 миллион рублини шахсий мақсадлари учун сарфлаган. Маълумот берилишича, Навалний бу пулларга кўчмас мулк, моддий қийматликла сотиб олган ва турли харажатлар, жумладан, хорижда дам олиш учун ишлатган.

Алексей Навалний 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётганда ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган Навалний 22 август куни Германиядаги «Шарите» клиникасига олиб кетилгач, 7 сентябргача кома ҳолатида бўлди. Кейинчалик оёққа турган Навалний ўзининг заҳарланиши шахсан Владимир Путиннинг топшириғи билан амалга оширилганини айтган.