Самарқандда коронавирусга чалинган бемор вафот этди

Самарқандда коронавирусга чалинган бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Самарқанд вилояти Ургут тумани яшовчи 61 ёшли О.Н. жорий йил 27 июнь куни коронавирусга чалинган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлиги сабабли вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган ва даво муолажаларини бошланган.

Унга “COVID-19” инфекцияси оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси асорати билан кечган.

Бемор бундан аввал сурункали буйрак етишмовчилиги, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўткир миокард инфаркти билан ҳам оғриган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд давлат тиббиёт институти мутахассислари томонидан онлайн консультациялар ўтказилиб, доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Шунингдек, айни вақтга келиб Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 38 кишига етди. Ушбу вирусни жами 10459 киши юқтирган бўлса, 6690 киши касалликдан фориғ бўлган.