Саволдан қочиш билимсизликдан ёмон

Саволдан қочиш билимсизликдан ёмон

Олимжон Собирнинг "Билимсизлик оммавий эпидемияга айландими?" мақоласига жавобан

Муаллифни ҳайратга солаётганлиги ўзига хос “солипсизм” кўринишидан гувоҳлик бергандек кўринади. Савод чиқариб, диплом олгач атрофга қараб, “Ия, одамлар қачондан бери унақа уқувсиз?!”, деб, олазарак бўлаётган кишини эслатди. Жавоб: “Туғилганидан бери”.  Ҳеч ким онасидан билағон бўлиб тушмайди. Саводсизлик, билимсизлик, маълумотсизлик ва фикрсизлик одамнинг оддий, табиий ҳолатидир. Табиат ва табиий қонунлар оқимида кетган инсон ўзини англамайди, унинг муҳитни ўрганиши фақат яшаб қолиш ирсиятини қондириши билан чекланади.

Таълим, маърифат ишлари эса ғайритабиий, яъни табиий инертлик (ўзгармасликка мойиллик) ва энтропия (емирилиш)га қарши қаратилган исён жараёнидир. Тафаккур асосида қурилган таълим айниқса унинг тизмли шакллари – фан ва санъат йўналишлари, икки шароитда ўсади: эркин вақт мавжудлиги ва ўзликни ифодалаш иштиёқти. Бу ҳаммада ҳам учрайвермайди, шунинг учун ҳам тафаккур ҳосилалари “бир дона”, ноёб кўринишда тор доираларда ривож топиб келган.

Оммавий таълим эса икки мақсадга қаратилган: биринчидан, тафаккур намоёндалари етилиши учун критик массани ҳосил қилиш (олий таълимда қанча кўп одам қатнаса, ақлий фаоллар сони ортиши эҳтимоли шунча кўпаяди, деган кутиш бор), иккинчидан, одамларнинг яшаш сифатини “олий навига” яқинлаштириш. Таълимга киришиш баъзан кишининг ички туйғулари билан, баъзан эса ташқаридан тарғиб ёки мажбурлаш орқали бўлади (масалан, давлат, оила, атрофдаги жамият тарафидан). Агар киши таълимга, ҳеч бўлмаса билағонликка чанқоқ бўлмаса ва унинг атрофида бунга қизиқтирадиган шароит бўлмаса, у ўзининг табиий оми ҳолатида қолади. Бундан мутлақо хайратга тушадиган жойи йўқ.

Элементар тарихий ва жўғрофий фактларни билмаслик бу фақат бизнинг жамиятимизга хос эмас. Гитлер, жаҳон уруши ҳақида ўртасида сўровлар Россия ва АҚШда ҳам ўтказилганда турли авлод вакиллари ўзларининг бу борада ўта маълумотсизликларини намоён қилишган. Совет даврида “саводхонлик” учун кураш қанчалик ашаддий бўлмасин (аслида бу саводхонлик фикрловчи шахсиятни ҳосил қилишга эмас, балки “совет одами”ни шакллантиришга қаратилган эди), оз бўлсада ўқиш ва ёзишни билмаганлар учраб турган. Сабаблар турлича, кимнингдир ижтимоий муҳити шунчалик ҳароб бўлган-ки, унда тузукроқ мактабга қатнашга имкони бўлмаган, кимдир эса табиатан, миядаги баъзи физиологик ҳусусиятлар сабабли ўқиш ва ёзишни ўзлаштира олмаган. Аҳолининг бундай қатлами деярли барча замонлар ва маконларда учрайди. Бунинг нимаси ҳайратли?

Имло ва грамматик саводсизлик бошқарув ҳодимлари ўртасида кўп учраётгани ўзи шундоқ ҳам абгор бўлиб келган таълим тизимнинг буткул емирилиши оқибатидир. Яна қайтараман, ўқувсизликда қолиш, қанчалик салбий бўлмасин, - табиий ҳолат. Сиз бирон нарсанинг устида ишламас экансиз унинг тубанлашиш жараёни ўзининг табиий тезлигида кетаверади. Унинг устига таълим тизимимиз давлатнинг бирламчи сиёсати кун тартибига киритилмаган, ўқитувчи ва таълим мудирлари нафақат энг ҳуқуқсиз, балки бошқаларни энг ҳуқуқсиз қилиб “тарбиялайдиган” ёшлар устидан қоровул, чўпоннинг ити ҳолатига туширилган. Бу эса ижтимоий емирилиш жараёни – энтропияга янада катта қувват қўшиб юборади. Оқибатда кўзимизга ташланаётган элементар ўқувсизлик ва саводхонлик танқислиги муаммолари (булар, муаллиф айтганидек, умуман кульминацион нуқта эмас!) олдида бундан энг ёмони – манипуляцияга осон тушадиган онг, ҳуқуқсиз қул ҳолатига розилик, “Нега? Нима учун?” саволларини ўртага ташлашга журъатнинг йўқ бўлиши оммавийлашганидир.

Мақоланинг охирги банди “кимдир” тайёрлаган бир видеога нисбатан “иқтисодий билим етишмаслиги” ва бу контент остида қолдирилган ижобий изоҳларга қаратилган. Видео муаллифи (кимлиги ҳақида тахминимни муаллиф рад этмади) ўз чиқишида иқтисодий маърузага даъво қилмайди, балки у асосий саволларни ўртага ташлайди: “Нима учун бизнинг жамиятимиз қашшоқ, нима учун бизнинг миллий пулимиз қадрсизланиши шунчалик катта суръатларда давом этиб келяпти? Биз бой давлат бўлишимиз мумкин эдими ва кейинчалик мумкинми?” Замонавий иқтисодий назариялар тарихига назар солсак улар айнан мана шу саволлар билан билан бошланганлигини кўриш мумкин. Иқтисодчилик пайдо бўлмасидан олдин шу саволларни мутафаккирлар, публицистлар, адиблар ўртага ташлайверган. Бу саволлардан қўрқмаслик керак, саволни шунчалик бўртириб олиб чиққан шахсни “иқтисодий билимсизлик”да айблаш ўрнига уларга жавоб беришга уриниш тўғри бўлар эди. Бу саволларни омма ва мутахассислар ўртасида ташламаслик мақола муаллифи кўтариб чиққан “бесаводлар ва элементар маълумотсизлар” муаммосидан кўра ёмонроқ бўлар эди. Шунинг учун мақола муаллифининг танқид тиғи ўринсиз тарафга қаратиб юборилган бўлиб, у хато хулосаларга етаклайди деб ҳисоблайман.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.