Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Қозоғистон президенти Қoсим-Жомарт Тоқаев билан бўлиб ўтган мулоқотида қўшни мамлакатнинг биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоевга ўзининг саломи ва эзгу тилакларини йўллаган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар бермоқда.
Қозоғистон президенти матбуот хизматининг қўшимча қилишича, телефон суҳбати Қозоғистон тарафи ташаббуси билан бўлиб ўтган. «Қосим-Жўмарт Тўқаевга қувватлов учун миннатдорлик билдириб, Шавкат Мирзиёев офат Қозоғистон жанубидаги бир қатор аҳоли пунктларига ҳам дахл қилганини афсус билан қайд этиб ўтди. Ўзбекистон раҳбари тошқиндан зарар кўрган ҳудудларни тезликда қайта тиклаш учун ҳамкорликда чоралар кўриш ниятини билдирди», — дейилади Оқ ўрда баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, бугун Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева Қозоғистон президенти Қoсим-Жомарт Тоқаев қарори билан Сенат спикери лавозимидан бўшатилган эди.
Шундан сўнг интернетда элбошининг Республика Хавфсизлик Кенгаши раиси лавозимидан истеъфога чиқиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейинроқ Назарбоевнинг матбуот котиби вакили Айдос Укибай ушбу хабарларнинг барчаси ёлғон эканлигини маълум қилган.