Собиқ иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев Росгеологиянинг Ўзбекистондаги филиалини бошқаради

Собиқ иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев Росгеологиянинг Ўзбекистондаги филиалини бошқаради

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

2017 йил ноябр ойидан 2020 йилнинг феврал ойига қадар Ўзбекистон иқтисодиёт вазири (2019 йилдан иқтисодиёт ва саноат вазири) лавозимида фаолият юритган Ботир Хўжаев Росгеологиянинг Ўзбекистондаги шўба корхонаси Rosgeo Uzbekistan'нинг раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда компания расмий сайтида маълум қилинди.

Шўба корхона Россиянинг давлат холдинг компанияси томонидан Ўзбекистонда Орол денгизи ва унга туташ ҳудудларнинг углеводород хом ашёси имкониятларини геологик жиҳатдан ўрганиш дастурини амалга ошириш учун ташкил қилинган.

9 июн куни "Росгеология" ва "Ўзбекгеофизика" ОАЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан архив геологиясини таҳлил қилиш, геофизик маълумотлар, геокимёвий тадқиқотлар ва ҳавзаларни моделлаштириш ва умумлаштириш асосида геологик моделни такомиллаштириш, нефт-газ потенциалини ўрганиш ва Орол денгизи ва унинг атрофидаги углеводород потенциалини баҳолаш бўйича геологик хизматларни тақдим этиш тўғрисида битим имзоланди.

"Имзоланган шартнома - бу мамлакат потенциалини сезиларли даражада оширишга қаратилган Ўзбекистондаги кенг кўламли ишимизнинг биринчи босқичидир", - деган эди Росгеология бош директори Сергей Горков.

Битим 27 феврал куни "Росгеология" ОАЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ўртасида имзоланган Ўзбекистон ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш учун минерал-хом ашёлардан оқилона фойдаланиш учун ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ имзоланди.

Ботир Хўжаев 1956 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1979 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган. 2006-2009 йилларда Иқтисодиёт вазирлигини бошқарган, кейин 2011 йилгача Бош вазир ўринбосари ва Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг раиси бўлган. 2016 йилда у Иқтисодиёт вазирлигига вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида қайтди. 2016–2017 йилларда у молия вазири бўлган.

Феврал ойидан бери у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, апрелда нафақага чиққанлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.