Бразилия Олий Суди қарори билан ҳукумат расмий веб-саҳифасида мамлакатда Covid-19 коронавируси тарқалиш кўлами ва шунга доир маълумотлар акс этган статистика маълумотлари берилиши қайта тикланди.
Бразилияда коронавирус аниқланиш ва бу вирусдан ўлим ҳолатлари сони кескин ўсиши оқибатида мамлакат Президенти Жаир Болсонаро буйруғи билан коронавирусга оид расмий статистикани юритиш тартиби ўзгараётгани важидан кунлик аниқланиш ҳолати ҳамда ўлим ҳолатлари сони берилмаётган эди. Офат миқёсини беркитиш жамоатчилик томонидан норозилик билан қаршиланди.
Сешанба куни кечқурун ҳолатига кўра, Бразилияда 739 503 та коронавирус ҳолати қайд этилган. Ўлим кўрсаткичи эса 38 406 тани ташкил қилади. Бразилия коронавирус аниқланиши бўйича АҚШдан кейин иккинчи, ўлим ҳолатлари сони бўйича АҚШ ва Буюк Британиядан кейин учинчи ўринда туради.