Сурхондарё ҳам коронавирусдан ҳоли вилоятлар сафига қўшилди

Сурхондарё ҳам коронавирусдан ҳоли вилоятлар сафига қўшилди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бугун Хоразм вилоятида 2 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди.

Хоразм вилоятида тузалиб чиққанларнинг бири 49 ёшли эркак бўлиб, Россиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Иккинчиси эса 39 ёшли эркак бўлиб, касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган.

Вилоятда шу пайтга қадар 228 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 230 нафарга етди. Шундай қилиб, ҳозирда Хоразмда 3 нафар бемор даволанмоқда.

Сурхондарё тузалиб чиққан 33 ёшли эркак касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган. Таъкидлаш жоизки, у ҳозирча вилоятдаги охирги бемор бўлиб, жами ушбу ҳудудда 43 нафар бемор коронавирус инфекциясидан фориғ бўлди. Ҳозирча вилоят COVID-19 дан ҳоли ҳудудлар (Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари) сафига қўшилди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида 3 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди.

Тузалиб чиққанларнинг 1 нафари 47 ёшли эркак, 2 нафари эса 43 ёшли ва 42 ёшли аёллар бўлиб, барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Уларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан.

Самарқанд вилоятида шу пайтга қадар 175 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 178 нафарга етди.

Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 34 нафар бемор тузалиб, айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2372 нафарни ташкил этмоқда.