"Тарағай"даги иккинчи "иш"

"NasafNews" интернет нашрининг олдинги танқидларидан кейин ҳам «Тарағай» тез тиббий ёрдам шoхобчасига ҳукумат томонидан эътибор қаратилмаган. Бу «Тарағай»даги ҳал этилиши керак бўлган биринчи муаммо эмас.

«Биз 9 та тоғли қишлоқда 14 минг нафар аҳолига хизмат қиляпмиз, – дейди шохобча шифокори Нодир Эргашев.
– Битта «Дамас» автомобили ажратилган. Эскилиги туфайли айрим қишлоқларга «Дамас» билан чиқиб боролмаймиз. Туман тиббиёт бирлашмасидан жиҳозлар ажратилиши бўйича кўп бора ёрдам сўраганмиз. Аммо кўриб турган ҳолатингиз, ёрдам бўлмаган».


Нодир Эргашев бизга маълумот бериш чоғида туман тиббиёт бирлашмасининг масъулиятсизлиги ҳақида ҳам гапирмоқчи бўлди. Аммо…

«Уларни энди ёмонлаб гапириб бўладими? Сўраганмиз, мана шкафларимиз етишмайди, жиҳозлар етишмайди. Буларни сўраганмиз, ҳа «берамиз-берамиз» дейишган, лекин берилмади»,- дейди у.

Маълум бўлишича, бугун кунда мазкур кичик бинода 27 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда экан. Ходимлар бино пахсадан қурилгани, ҳар жиҳатдан эскиргани ва деворлари ёрилиб, нураб кетганини айтишди.
Буни ўзимиз ҳам кўриб, яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Ажратилган «Дамас»нинг ҳам техник ҳолатини соз деб бўлмайди.
«Тарағай» тез тиббий ёрдам шoхобчаси ходимларининг айтишича, биз келишимиздан бироз аввал Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков шoхобчага борибди. Раҳбар ходимлар билан бирга шохобча учун янги бино қуришни муҳокама қилган. Ўйлаймизки, бошқарманинг янги бошлиғи юқоридаги муаммоларга бефарқ бўлмайди. Агарда юқоридаги ҳолатлар эътиборсиз қолдирилса, биз мавзуга яна қайтамиз" дея ёзмоқда сайт.