Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Тайёр туринг: тез орада роботлар сизни ишсиз қолдиришади”
9.08.2022 17:25,  
166

Янгиликка ва енгилликка интилувчан бугунги инсоният ўз юмушини камайтириш мақсадида деярли барча вазифаларини сунъий интеллект зиммасига юкламоқда. Роботлаштириш ривожлангани сайин бир қатор соҳа вакиллари ўз касбларидан воз кечишига тўғри келяпти, мисол учун, ўтган асрда мавжуд бўлган касблардан бири – “сайис” яъни отбоқарларга талаб автомобиллар яратилгандан сўнг, кескин равишда тушиб кетди ва натижада бугунги кунга келиб бу касб истеъмолдан деярли чиқиб кетди. Тараққиёт илдамлаб боргани сайин одамзод ҳам турли механик амалиётларни бажара оладиган ҳақиқий сунъий машиналар – роботларни ярата бошлади.

 

Роботлашган ишлаб чиқариш

 

Ишлаб чиқариш жараёнига инсон қуввати саноат миқёсида роботлаштирилган тизимлар билан алмаштирилаётган бир вақтда, автоматлаштириш компонентларидан бири сифатида қараш лозим.

Aксарият йирик корхоналар, бутун иш жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган универсал роботлардан фойдаланишга интилишади. Ускунага бошқа дастурни киритиш орқали исталган вақтда мутлақо бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қайта мослаштириш имконияти уларнинг асосий афзалликларидан биридир. Бундай универсал робототехникадан фойдаланиш ҳисобига кўплаб корхоналар сезиларли тарзда иқтисод қилишга эришишмоқда. Турли анжомларга ишлов бериш билан шуғулланувчи корхоналарда ишлаб чиқаришни роботлаштириш жараёни катта аҳамиятга эга. Бу ерда маҳсулотнинг 50 фоиз кичик қисмлардан ишлаб чиқарилади ва агар саноат корхоналарида роботлар бўлмаса, у ҳолда ушбу анжомларни ишлаб чиқаришга иш кунининг 5 фоизига яқин вақт сарфланади. Қолган вақт ускуналарни қайта созлаш ва мослаштиришга, анжомларни ва асбобларни алмаштиришга кетади.

Бундай суст тарздаги ишлаб чиқариш ҳеч қайси корхонага наф келтирмайди, негаки уларнинг ҳар бирининг асосий мақсади ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишдан иборатдир. Буюм ва анжомларни ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштиришдаги яна бир ижобий самара – роботлар хомашё ва материалларнинг анчагина миқдорини тежашга имкон беради.

Қаерда автоматлаштириш зарурияти юқори?

Роботлашув жараёни маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва жойдан-жойга кўчиришда фойдаланиладиган жонли ишчиларнинг ўрнини босиши зарур. Aксарият ҳолларда, ишлатилаётган механизмларнинг асосий вазифаси улар бир кунда бир неча марта бажарадиган оддий юмушлардир. Масалан, маҳсулотларни ўраш, юклаш ва корхонанинг турли ҳудудлари ўртасида ташиб етказиш каби ишларда роботларнинг аҳамияти жуда юқори.

Ўта қиммат турадиган техника чизмалар бўйича буюмларни аниқ ишлаб чиқиши мумкинлиги боис буюм ва анжомларни ишлаб чиқишда ҳозирда қийинчиликлар кузатилмоқда. Бундай роботлардан фойдаланиш эса, аксарият корхоналар учун иқтисодий тарафдан фойдадан кўра зарарлироқ бўлади.

Роботлaрдaн фойдaлaнишнинг aфзaллиги нимaдa?

Робототехникадан фойдаланишнинг афзалликларидан энг асосийси биринчи навбатда маҳсулдорликдир. Aгар компанияда робототехника мавжуд бўлса, у шубҳасиз яна бир устунликка эга бўлади – ундаги цехлар мунтазам равишда, узоқ вақт давомида ишлай олади. Ишлаб чиқаришнинг тўғри ташкиллаштирилган автоматлаштириш самараси ўлароқ ҳар ойда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг миқдори анчагина юқорилайди. Роботлаштиришда ускуналарни созлаш ва мослаш ишларини имкон қадар камроқ бажариш лозим, акс ҳолда бу ҳолат олинаётган фойда миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, робототехника билан алмашган инсонларга тўланадиган иш ҳақи учун маблағ миқдори ҳам камаяди. Жараёнларни амалга ошириш учун ва тизимларни назорат қилиш учун бир нафар операторнинг ўзи кифоя бўлади.

Роботлаштиришдаги камчиликлар

Ишлаб чиқаришни роботлаштиришдаги энг катта нуқсонларидан бири ускуналарнинг жуда қимматлигидир. Битта дастгоҳни алмаштириш 5 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача маблағни талаб қилади. Aгар ускуна бузилса ё ишдан чиқса, таъмирлаш учун шошилинч тарзда тўлов қилишга тўғри келади. Модернизациялаш жараёнида кўпчилик ҳолатларда учрайдиган яна бир катта камчилик бу – ходимлар сонининг қисқартирилиши. Роботлар қуйи малакали ишларни бажаришга мўлжалланган бўлиб, ушбу поғонада инсонларни алмаштиришлари зарур, бироқ корхоналар ҳар доим ҳам ўз ходимларига бўшатган ўрни эвазига янги лавозим таклиф этишга қодир эмаслар. Бутунжаҳон Иқтисодиёт жамғармаси мутахассисларининг фикрича, роботлар яқин икки-уч йил ичида ер юзидаги 5 миллион кишини ўз иш жойларидан сиқиб чиқаради.

Жаҳон модернизацияда нима гаплар?

Статистик рақамларга кўра, 2017 йилнинг бошида сайёрамизнинг ҳар 10 000 та ходимига 70 дан ортиқ роботлар тўғри келган. Роботларнинг энг кўп миқдори Жанубий Кореяда ишлатилади – 10 000 та ишчига 631 та робот, Сингапурда – 488 та ва Германияда – 309 та робот тўғри келади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, иш жараёнларини автоматлаштириш энг жадал суратларда Осиё ва Aмерикада кечмоқда, ҳар йили у ерда роботларнинг сони мувофиқ равишда 9 ва 7 фоизга ошиб бормоқда. Робототехникани жорий қилиш бўйича рекордчи давлат Хитой ҳисобланади, агар 2013 йилда аппаратлар зичлиги 10 000 та ишчига 25 бирликни ташкил қилган бўлса, 2017 йилнинг бошига келиб ушбу рақам 68 тага етди ва ўсишда давом этмоқда.

Қайси давлат робот ишлаб чиқаришда етакчи экани маълум бўлди. Япония роботларни ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди, бу эса дунёдаги таъминотнинг 45 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Халқаро робототехника федерацияси маълум қилган.

Келтирилишича, сўнгги йилларда мамлакатда роботларни ишлаб чиқариш сезиларли даражада ошган. 2020 йилда экспорт улуши 78 фоизга кўтарилиб, 136 069 та саноат роботи етказиб берилган. Булар Халқаро робототехника федерацияси томонидан 2022 йил 9–12 март кунлари Токиода бўлиб ўтган Халқаро роботлар кўргазмаси олдидан эълон қилинган натижа ҳисобланади.

Таъкидланишича, Япония робототехника ва автоматлаштириш технологиялари экспортининг 36 фоизи Хитойга мўлжалланган.

Аввалроқ АҚШда робот биринчи марта одам аралашувисиз мураккаб жарроҳлик операциясини амалга оширилгани ҳақида  “Science Daily” хабар берган эди.

Маълум қилинишича, АҚШнинг Жонс Хопкинс мутахассислари STAR номига эга бўлган жарроҳлик роботини яратган. Унинг номи “Smart Tissue Autonomous Robot”нинг қисқартмасидан олинган.

Таъкидланишича, робот ичакнинг икки учини боғлаш ёки анастомозни амалга оширган, амалиёт чўчқада муваффақиятли ўтган. Ушбу операцияни бажариш жуда юқори даражадаги аниқликни талаб қилиши, чунки жарроҳнинг қўли бироз қалтираса ёки тикув муваффақиятсиз бўлса, кучли оғриқларга олиб келиши ва ичак фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши айтилган.

Лаборатория ходимларидан бири Аксель Кригернинг айтишига кўра, робот аллақачон тўртта ҳайвонни муваффақиятли операция қила олган. Мутахассислар юмшоқ тўқималар жарроҳлиги кўпинча олдиндан айтиб бўлмайдиган жараён экани, шунинг учун роботни бундай вазиятларга мослашиш учун дастурлаш жуда қийинлигини айтган.

“Ўйлаймизки, бунинг натижасида жарроҳларнинг беморларга нисбатан демократик муносабати шаклланади. Операциялар натижасини олдиндан башорат қилиб бўлади”, — деган Аксель

Аввалроқ, АҚШда робот биринчи марта жарроҳлик амалиётини амалга оширганди. Шунингдек, Хитойда дунёдаги энг катта ҳарбий робот ишлаб чиқилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан