Тошкент шаҳар бош имом-хатиби мусулмонларни сабр қилишга чорлади

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби мусулмонларни сабр қилишга чорлади

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби эпидемик вазиятда мусулмонларни сабр қилишга чорлади ва айни дамда тадбир-маросимларда тўпланмоқчи бўладиганлар юзасидан муносабат билдирди.

Халқаро прес-клубда COVID-19 вируси муаммоси, таҳлили ва ечимига бағишланган мулоқот дастури тайёрланди.

Унда коронавирусга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар даврида мусулмонлар учун масжидларнинг ёпилгани, ҳатто неча минг йиллик тарихга эга бўлган муқаддас Каъбанинг вақтинчалик беркитилгани ўзига яраша рамзий маънога эга эканлиги, мусулмонлар ундан қандай хулоса чиқаришлари лозимлиги ҳақидаги савол ўртага ташланди.

Дастурда иштирок этган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаровнинг савол юзасидан фикр билдиришича, айни пайтда мусулмонлар хурофотга берилмаган ҳолда ҳақиқий сабр қилишлари мақсадга мувофиқдир.

- Ҳақиқий сабр шундай сабрки, кулфат бошга тушган заҳоти сабр қилишдир. Бир неча кун ўтгандан кейин кўникиб қолиш бўлади, сабр бўлмайди, – дея таъкидлайди имом-хатиб савол юзасидан.

Унинг фикрича, Мадина-ю Мунаваранинг мусулмонлар учун беркитилиши  бутун инсониятни янада ўй фикрга, Оллоҳнинг олдидаги мажбуриятларини ўйлашга ундайди.

Шунингдек, ўзбек халқининг бошига жуаям кўп синовлар тушган, лекин бу халқ ҳар қандай синовни енгиб ўтган халқ. Кутилмаган вируснинг тарқалиши, ҳозирги кунда карантин дея эълон қилиниши халқни бирлашишга чақиради, тарқалишга эмас.

- Бутун дунё уламолари ибодатни вақтинчалик уйда қилинглар деб турса, 4-5 та одам турли бидъату хурофотга берилган ҳолатда тўпланиб, бирон бир маросим, хурсандчилик ўтказишлик, жамоатга тўпланишлик бу тамомила ақлсизлик... Чунки мўмин мусулмон одам тўғри хулоса қиладиган заковатли бўлиши керак. Бунақа пайтда турли фикрлар билдириб, ҳамма ҳар томонга тортиш керакмас, балки бирлашишимиз керак. Фақат бирлашиш ва бир биримиз билан аҳил бўлиш орқалигини буни енгиб ўтамиз, – дея таъкидлайди имом-хатиб Нуриддин Холиқназаров.