Тошкентда 2 ёшли чақалоқ коронавирусдан тузалди – Жами соғайганлар 1263 нафарга етди

Тошкентда 2 ёшли чақалоқ коронавирусдан тузалди – Жами соғайганлар 1263 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бугун Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 13 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, 6 нафари Тошкент вилоятида. Уларнинг 6 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 7 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 9 нафари эркак, 4 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2018 йил туғилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан 8 нафар, Хоразм вилоятидан 3 нафар, Андижон вилоятидан 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Улар республика ва вилоят соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Қорақалпоғистонда соғайганларнинг барчаси Қорақалпоғистон (7 нафари Нукус шаҳридан, 1 нафари Мўйноқ тумани)дан бўлиб, уларнинг ҳаммаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 65 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Айни пайтга қадар Қорақалпоғистонда 62 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 70 нафарни ташкил этмоқда.

Хоразмда тузалганларнинг 1 нафари ушбу вилоятдан бўлиб, коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган., қолган икки нафар фуқаро эса Наманган ва Самарқанд вилоятларидан. Уларнинг икки нафари ҳам Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Инфекция аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Вилоятда шу пайтга қадар 135 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 138 нафарга етди.

Андижонда соғайганларнинг 1 нафари Андижон шаҳридан бўлиб, 45 ёшда, яна 1 нафари Олтинкўл туманидан бўлиб, 43 ёшда. Улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.

Шунингдек, яна пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 8 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Тузалганларнинг 2 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, 7 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафари Тошкент вилоятидан. Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлар орасида энг ёши каттаси 60 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда.

Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1263 нафарни ташкил этмоқда.