Трамп америкалик ҳарбийлар устидан тергов бошлаганларни жазоламоқчи

Трамп америкалик ҳарбийлар устидан тергов бошлаганларни жазоламоқчи

Президент Доналд Трамп АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийлари устидан тергов бошлаган Халқаро жиноий суд ходимларини санкциялар билан жазолашга рухсат берувчи фармон имзолади. Бу ҳақда Америка овози нашри хабар берди.

АҚШ Қуролли кучларининг Афғонистондаги 18 йиллик амалиётлари натижасида уруш жиноятлари қурбонларидан америкалик аскарлар устидан 700 га яқин шикоят тушган. Халқаро жиноий суд прокурори тарихда илк бор америкалик ҳарбийларни тергов қилишга рухсат олди.

Давлат котиби Майк Помпеонинг айтишича, Гаагадаги суд сиёсийлашган бўлиб, АҚШ суверенитетига таҳдиддир. 

«Сохта суд фуқароларимизга таҳдид солсаю, биз жим қараб турмаймиз. Дунё бўйлаб яқин иттифоқчиларимизга гапим шуки, сизнинг фуқароларингизни ҳам шундай тақдир кутмоқда», - деди Помпео.

АҚШ терговда қатнашган суд ходимларига иқтисодий ва виза санкциялари қўйишини маълум қилди. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Американинг бу қадамини қоралади.

«Президент фармонининг хавотирли томони шундаки, Трамп маъмурияти АҚШга ва умуман дунёдаги барча одамларга қарши ўта хавфли бўлган таҳдид юз берганда қўлланадиган чораларни ишга солмоқда», - дейди «Халқаро Амнистия» ташкилотидан Даниел Балсон.

Халқаро суд айнан нимани тергов қилмоқчи?

«Суд терговчилари уруш жиноятлари, Афғонистон ҳудудида барча тарафлар томонидан содир этилган жиддий уруш жиноятлари билан шуғулланмоқчи. Табиийки, Қўшма Штатлар урушда иштирок этган тарафлардан бири. Толибон, Афғонистон ҳукумати, иттифоқчи давлатлар ҳам. Трамп маъмурияти бу тарафлардан фақат биттасини жазога дахлсиз қилмоқчи», - дейди Балсон.

АҚШ Халқаро жиноий судни ташкил этган Рим низомига қўшилмаган ва суд ваколатини ҳеч қачон тан олмаган, дейди АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер.

«Шунинг учун ҳам мамлакатимиз ва бу маъмурият ватанига хизмат қилган фуқароларининг ноқонуний терговга жалб қилинишига йўл қўймайди. Бунинг ўрнига суд фуқароларимиз содир этгани даъво қилинаётган жиноятлар бўйича барча маълумотларни бизга узатсин ва биз тегишли чора кўрамиз. Биз ҳамиша шундай қилиб келганмиз», - деди Эспер.