"Отамдан қолган троллар" (Тоғай Муроддан бошқача)

depositphotos.com

Тролларнинг кўпи 25 яшар бўларкан.
Троллар ўртача 30 яшар бўларкан. 
Тролларнинг кам сонлиси 35 яшар бўларкан.
Сабабини ая Ҳаччадан сўраганимда, "кейин кўзи очилиб, виждони қийналади", дейишди. 

Қийналган тролни кузатганман дейишди. 
Ўксиниб-ўксиниб ёзади. 
Хўрланиб-хўрланиб ёзади. 
Қўрқиб-қўрқиб ёзади. 
Афсусланиб-афсусланиб ёзади. 

Лекин ёзади. Троллигини қилади. Умиди сўнмаган бўлади-да! Недандир умидланади. 
Недандир нажотланади. 
Кимларгадир ўзини кўрсатгиси келади.
Садоқатда ҳануз тенгсизлигини билдиргиси келади. 

Ёши катталари ҳақида сўрагандим, улар коммунизмдан қолган "чириган, лаънати Ғарб" мафкурасидан чиқиб кетишолмаган Қизиллар сарқити деворса денг. 
Энди уларни Худонинг измига ташлаб қўйган эканмизмиш. 
Энди уларни Худонинг Ўзи жонини олармиш. 
Энди биз уларга чидашга мажбур эканмизмиш. 
Отамдан қолган троллар экан улар.
Ҳозир турли профиллардан киришга уста экан улар. 
Янги троллардан кўра хавфлироқ экан улар. 
Ҳар замонда танқид қилиб ҳам туришаркан улар. 
Ҳар замонда контекстдан юлиб олишни билишаркан улар. 
Ҳар замонда популистик чиқишлар ҳам қилиб туришаркан улар. 
Ҳар замонда мукофотланиб ҳам туришаркан улар. 

Отамдан қолган троллар - энағарнинг троллари! 

@manewsagency


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.