Uzbekistan Airways йўловчи ташиш самолётларини юк ташиш учун қайтадан жиҳозламоқда

Uzbekistan Airways йўловчи ташиш самолётларини юк ташиш учун қайтадан жиҳозламоқда

Фото: Uzbekistan Airways

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Boeing-767-300-ER йўловчи самолётларини вақтинча Boeing-767-300-PTC (passenger-to-cargo) версиясида қайта жиҳозлайди. Бу ҳақда авиакомпаниянинг ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу қарор компаниянинг кенгаши томонидан юк ташишга талабнинг тез ўсиб бориши ва йўловчи қатновларининг тўлиқ тўхтатилиши муносабати билан қабул қилинди.

Қайта жиҳозлаш жараёни эконом-класс салонларидан йўловчилар ўриндиқларини олиб ташлаш ва юкларни ташиш учун бўш турган жойдан фойдаланишни ўз ичига олади. Бу лайнерга қўшимча 20 тоннагача юкни юклаш ва тижорат юкларининг мавжуд ҳажмини 180 м3 га ошириш имконини беради.

Қайта жиҳозлаш «Uzbekistan Airways Technics» МЧЖ томонидан Boeing компаниясининг ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Ўзгартириш, шунингдек, Транспорт вазирлиги қошидаги Авиация маъмурияти томонидан тасдиқланган мавжуд кўрсатмалар ва технологияларга киритилган ўзгартиришларни ўз ичига олади.

Ушбу самолётларнинг юк версиясини биринчи тижорат эксплуатацияси 21 апрелга режалаштирилган.

26 апрелга иккинчи Boeing-767-300-PTC самолётининг техник қайта жиҳозлаш тугалланиши режалаштирилган, шундан сўнг 27 апрелда тижорат фойдаланишга топширилади.