Хиёнатда гумон қилинган "Москва гўзали" Малайзия қиролидан бўлган ўғлини илк бор кўрсатди (фото, видео)

Хиёнатда гумон қилинган

Россиялик модел, “Мисс Москва-2015” гўзаллик танлови ғолиби Оксана Воеводина Малайзиянинг собиқ қироли Муҳаммад V дан бўлган ўғлини илк бор кўрсатди. Султоннинг ўғли ҳақидаги видеони Daily Mail намойиш қилди.

"Бу менинг шаҳзодам", деди 27 ёшли собиқ малика 5 ойлик ўғлини кўрсатаркан. Оксана Воеводинанинг айтишича, болакай отаси Муҳаммад V га жуда ўхшайди ва унинг кўриниши осиёлик.

Аввалроқ султон собиқ турмуш ўртоғи ва ўғли Исмоил Леон учун алимент тўлаш ва уларни иқтисодий жиҳатдан таъминлашдан воз кечгани хабар қилинган эди.

Оксана Воеводина ҳозирда ўғли билан Подмосковьедаги Муҳаммад V ҳадя қилган данғиллама уйда яшамоқда.

Собиқ қиролнинг адвокати Ко Тиен Хуанинг айтишича, оиланинг дарз кетишига Муҳаммад Vнинг ўғли ўзидан эмаслигига шубҳа қилгани сабаб бўлган.

"Боланинг биологик отаси ким экани ҳали маълум эмас", деган Ко Тиен Хуа The Straits Times нашрига берган интервьюсида.

Оксана Воеводина эса бу айбловларни рад этган ва ДНК тести ўтказишни таклиф қилган.

Воеводинанинг адвокати Евгений Тарлонинг маълум қилишича, оила ҳали ҳам қонуний никоҳда ва қонуний ажрим ҳали чиқарилмаган. Собиқ қирол ҳам боласи ва унинг таъминотидан воз кечиш ҳақида ариза бермаган.

Аввалроқ қирол ва соҳибжамолнинг никоҳлари шаръий равишда бекор қилингани айтилганди.

Оксана Воеводинанинг айтишича, қиролнинг ундан аввал ҳам хотини бўлган. Чехиялик аёл қиролни алдаб келган, унинг Чехияда қонуний эри бўлган.

Муҳаммад V шахсий ҳаётида катта хато қилгани, хотини сабаб тахтдан воз кечганидан афсусдалигини таъкидлаган.

Шунингдек, унинг интернетда шахсий ҳаётига оид расмлар ва ёлғон маълумотлар тарқалиб кетганидан ҳам жаҳли чиққан.

Ўтган йил ноябрь ойида Муҳаммад V ва Оксана Воеводина турмуш қуришган. Унгача россиялик соҳибжамол ислом динини қабул қилган ва ўзига Рихана исмини олган. Тўй маросими Москва вилоятидаги Luxury Village Барвиха концерт залида ўтказилган.

21 май куни оилада ўғил фарзанд туғилган, унинг исмини Тенку Исмоил Леон Петр Бин Тенку Муҳаммад V Фарис Петр деб қўйилган.