Хоразмда қанча оила камбағалликда, қанчаси ўта ночор кун кечиряпти?

Хоразмда қанча оила камбағалликда, қанчаси ўта ночор кун кечиряпти?

Хабар қилганимиздек, бугун Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ва туманлар ҳокимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тадбиркорлар, зиёлилар иштирокида йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, мажлисда вилоятнинг ривожланиш даражаси орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот республика кўрсаткичидан 1,5 баробар, саноат маҳсулоти ва хизмат кўрсатиш ҳажми бўйича эса 2 баробар паст. Ҳудудда 58 минг оила камбағаллик бўсағасида кун кечирмоқда. Шундан 856 таси ўта ночор аҳволда. Кўплаб одамлар ишлаш учун хорижга кетган. Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, Хоразмда 200 минг иш ўрни яратиш зарур.

Туман ва шаҳарларда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, банкларни “лойиҳалар фабрикаси”га айлантириш зарурлиги қайд этилди. 2,5 мингта бўш турган бинолар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини янги лойиҳалар билан тўлдириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, қишлоқ туманларида пуллик хизмат кўрсатиш Урганч шаҳрига нисбатан 10-15 баробар пастлиги таъкидланиб, бундай объектларни кескин кўпайтириш кераклиги белгиланди.

Аввалроқ, президент Хоразмга аҳолини қандай муаммолар ташвишга солаётгани ҳақида суҳбатлашгани келганини унга кўпроқ масала айтилса, натижа бўлишини айтган эди.

Шунингдек, Мирзиёев ёлғон, баландпарвоз гапириб шу аҳволга келганимизни ва президентга ёлғон гапириш — Ватанга хиёнат эканлигини ҳам таъкидлади.