Япония Бош вазири соғлиғи туфайли истеъфога чиқмоқда

Япония Бош вазири соғлиғи туфайли истеъфога чиқмоқда

Reuters

Япония Бош вазири Синдзо Абэ соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқмоқчи, деб хабар қилмоқда ОАВ. Истеъфо ҳукумат раҳбари сифатида энг узоқ вақт ишлаганлик ҳақидаги рекордни янгилаганидан тўрт кун ўтгач содир бўлиши мумкин.

NHK телеканали 65 ёшли Абэнинг жума куни истеъфога чиқиш режалари ҳақида хабар бермоқда. Жаноб Абэ деярли саккиз йил давомида бош вазир бўлиб ишлаган, бу раҳбарлик лавозимдагиларни тез-тез алмаштирадиган мамлакат учун одатий ҳол эмас, деб ёзади The New York Times.

Абэнинг истеъфога чиқмоқчи эканлиги ҳақида Рейтер манбаси ҳам хабар берди.

Бош вазирга яқин бўлган NHK суҳбатдошлари унинг соғлиғи туфайли истеъфога чиқишни режалаштираётганига аниқлик киритди. Телеканалга кўра, Абэ жума куни матбуот анжумани ўтказиб, қарорини тушунтиради.

Бош вазир Абэ сўнгги икки ҳафта ичида шифохонага икки марта борган, шу сабабли унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида миш-мишлар тарқалди, деб хабар беради NHK.

Бош вазирнинг истеъфоси у ҳукумат раҳбари сифатида энг узоқ вақт ишлаганлик ҳақидаги рекордни янгилаганидан атиги тўрт кун ўтгач содир бўлиши мумкин. У 2021 йил сентябргача ўз лавозимини эгаллаши керак эди.

Яқинда касалхонага икки марта ташриф буюрганидан кейин Абэнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар кучайган. Абэ бир неча йилдан бери сурункали ярали колит билан курашмоқда, деб ёзади Reuters.

Аввалроқ ҳукмрон Либерал-демократик партия расмийлари Абэнинг истеъфога чиқишини рад этиб, Бош вазирнинг соғлиғи яхши деб айтган эди.

Бу Абэнинг илк маротаба постни муддатидан олдин тарк этиши эмас - 2007 йилда у ушбу лавозимда бир йилгина ишлаб, ичак муаммоси туфайли истеъфога чиққан эди. 2012 йил декабрда у Япония ҳукуматига қайта раҳбарлик қилди.

Абэ ўз фаолияти давомида Японияни ҳалокатли зилзила ва цунамидан кейин тиклаш, иқтисодий тикланишни амалга ошириш ва Американинг олдиндан айтиб бўлмайдиган президенти Доналд Трампнинг розилигини олишга масъул бўлган, деб ёзади NYT. Шунингдек, у Россия президенти билан фаол мулоқот ўрнатган.

Фаолияти давомида Синдзо Абэ бир марта, 2015 йил 25 октябрда расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган. Мўғулистон ва Марказий Осиёга турнеси давомида Тошкентга келган жаноб Абэ президент Ислом Каримов билан учрашган.

2019 йил 17-20 декабр кунлари расмий ташриф билан Японияда бўлган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Синдзо Абэ билан кўришган эди.