Samsung вице-президентини 12 йиллик қамоқ кутмоқда

07.08.2017 | Жаҳон | 2609

Жанубий Корея прокуратураси Samsung корпорацияси президентининг ўғли, компания ижрочи директори Ли Же Ёнгга 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилишини талаб қилди, дея хабар этмоқда Yonhap​ News агентлиги.

Samsung компаниясининг 49 ёшли меросхўрига нисбатан порахўрлик, товламачилик, давлат мулкини ўзлаштириш, даромадни яшириш, жиноятни яшириш ва ёлғон кўрсатма бериш каби айбловлар илгари сурилган.

Прокуратура эълон қилган айбловга кўра, Ли Же Ёнг Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Ҳенинг дугонаси Чой Сун Шилга 43,3 миллиард вон (38 миллион доллар) пора беришда гумон қилинмоқда. Ли Же Ёнг азкур пора эвазига 2015 йилда Samsung'нинг икки йирик бўлимини бирлаштириш учун ҳукумат дастагини қўлга киритган.

Бундан ташқари, Samsung'нинг ижрочи ридектори Чой Сун Шилнинг 21 ёшли қизи Чонг Ю Ранинг от спорти билан шуғулланиши учун харажатларни зиммасига олиши эвазига Миллий пенcия хизматида Samsung асосий ҳиссадор бўлиши учун муҳим овозларни қўла киритган.

Ли Же Ёнгнинг адвокатлари эса унга қўйилган айбловларни исботлаш учун етарлича далиллар йўқлигини айтишган. Суд маҳкамасида сўз олган Ли Же Ёнг ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. Кўзларида ёш билан гапирган Самсунг вице-президенти собиқ президентдан шахсий манфаати йўлида бирор нарса тама қилмаганини баён қилган.

Суд тингловида прокурорлар Samsung'нинг яна уч нафар юқори мартабали вакилига 10 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган. Ли Же Ёнгга нисбатан суд ҳукми 25 август куни эълон қилинади. Айни пайтда собиқ президент Пак Кин Ҳе ва унинг дугонаси Чой Сун Шилга нисбатан суд маҳкамалари ҳам давом этмоқда.