Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Назорат постида сарсон айбсиз “айбдор”лар
24.08.2017 11:49,  
19

Таҳририятга сайтимиз ўқувчисидан қуйидаги мактуб келиб тушди. Хатнинг мазмуни бугунги кунимиз учун долзарб масалаларидан бўлгани учун уни эълон қилишга қарор қилдик. Исмини ошкор қилмаган фуқаро дуч келган муаммога ҳамма бўлмаса ҳам кўпчилик дуч келган бўлса керак:

Биз 11 август куни Қувасойга дўстимизнинг уйига тўйга бордик. Тўйдан сўнг бир дўстимизнинг шахсий машинасида бошқа вилоятдан келган дўстларимизни уйларига ташлаб қўймоқчи бўлдик. Фарғона вилоятининг Лоғон постида паспорт текширишди. Қўшни вилоятдан келган икки дўстимизнинг паспортлари уйларида қолиб кетган экан.

15 дақиқача назорат постида бир нималарни ёзишди. Сўнгра божхона ходимлари бир йўловчи “Дамас”ни тўхтатишди ва дўстларимизни машинага чиқариб, олиб кетишди. Бизга ҳам ортларидан боришимизни айтишди. Ўша постдан 30 км узоқликда жойлашган Фарғона вилояти Фарғона тумани ички ишлар бўлимига бордик.

Иккала дўстимизни ИИБга олиб кириб кетишди. Ташқарида 2 соатча кутдик. Шундан сўнг, хабар олиш учун ИИБ дарвозасига бордик. Қоровуллар эса қўполлик билан бизга кутишни буюришди. Бундан ташқари, дарвоза олдида туриш мумкинлигини ҳам тайинлашди. Дўстларимиз салкам 3 соат деганда ички ишлар бўлимидан чиқишди. Бу пайтда эса қоронғу тушиб бўлган эди.

Улар бизга ичкарида нималар бўлганини айтиб беришди. Ички ишлар ходимлари ҳеч қандай айби бўлмаган Ўзбекистон фуқороларига ўта қўпол ва димоғдорлик билан муомала қилишибди. ИИБ ходимлари шахсни аниқлаш учун қаергадир сўров юборишган ва жавоб келганда рухсат беришларини айтишган. Ярим соатдан сўнг улар сўров натижасини сўрашган. Ички ишлар ходимлари эса қўполлик билан кутишни буюрган. Кута-кута тоқати тоқ бўлган «жиноятчилар» яна кетишга изн сўрашган. Бу сафар «Уч соатдан кейин кетасанлар» деган жавоб олишган.

Бу вақт давомида ҳурматли қонун ҳимоячиларидан бири телевизорда корейсча сериал кўриш билан шуғулланган бўлса, бошқаси футбол ўйнаб ўтирган экан. (Бино томида нима учун 10тадан кўпроқ телевизор антенналари ўрнатилганига ҳайрон бўлгандик).

Қани инсон қадри? Қани президентимиз айтаётган гапларнинг ижроси? Улар қонун ҳимоячилари бўлиб туриб қонунни оёқости қилишмаяптикин? Ҳаракатлар стратегиясида электрон ҳукуматни ривожлантириш борасида бир қатор қарорлар бор. Лекин назорат-ўтиш постларида ҳалиям марказ билан алоқа боғловчи воситалар йўқ. Ўзимизни худди хабарни чопарлар етказадиган даврда яшаётгандек ҳис қилдик.

Наҳотки туман ички ишлар бўлимида компютер ёки телефон бўлмаса?! Наҳотки икки кишининг шахсини аниқлаш учун 3 соат вақт сарфланса?! XXI асрда марказдан маълумот етиб келиши, наҳотки, шунчалар узоқ вақт талаб қилса?! Нега ҳалигача туман ички ишлар идорасидан туриб ҳужжати йўқ кишилар кимлигини аниқлаш учун улар ҳақидаги маълумотни базадан осонгина билиш имконияти мавжуд эмас?!

Агар ички ишлар ходимларининг муомалалари чиройли бўлганда ҳам ушбу мурожаатни ёзмаган бўлардик. Ўша куни дўстларим билан кўчада қолдик. Чунки анча кеч бўлган, ҳайдовчи ҳам тўйда чарчаганди. Оила аъзолари қанча хавотир олганини эса гапирмасак ҳам бўлади.

Sof.uz изоҳи: Мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича сўнгги бир йил ичида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар органларини бир неча маротаба танқид қилди ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, 2017 йил 16 мартдан бошлаб «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Републикаси қонуни кучга кирди.

Ушбу қонун ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Қонуннинг 4-моддасида «Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш» ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишлари орасида биринчи бўлиб қайд этилган. Қонуннинг 8-моддаси 4-бандига мувофиқ, «қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади».

8-модданинг 10-бандида эса қуйидагича ёзилган: Ички ишлар органи ходими ўзига фуқаро мурожаат этган тақдирда, … уни диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2017 йил 14 июлдаги буйруғи билан ички ишлар органлари ходимлари учун муомала маданиятини ошириш чоралари тасдиқланга бўлиб, қуйидаги вазифалар белгилаб қўйилган:

  • муомала маданиятига риоя этиш ички ишлар органлари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади;

  • ички ишлар органига ёки аниқ бир ходимга мурожаат қилган ҳар қандай шахс зудлик билан қабул қилиниши ва эътибор билан тингланиши шарт;

  • ички ишлар органларининг барча даражадаги раҳбарлари ўз ходимларини қўполлик ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашлари, ўзаро ва фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларига қатъий муносабат билдиришлари ҳамда хулқ-атвор ва муомала маданиятлари билан ўзлари шахсий намуна кўрсатишлари зарур.

Ички ишлар органлари ходими:

  • ҳар доим аҳоли кўз ўнгида эканлигини ҳамда ички ишлар органларининг обрўси унинг хулқ-атворига ва хатти-ҳаракатларига бевосита боғлиқ эканлигини ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиш аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришини ёдда тутиши;

  • фуқаролар билан хушмуомала бўлиши, уларнинг мурожаатларига холисона ва виждонан ёндашиши, айниқса, болалар, аёллар ва қарияларга алоҳида эътибор қаратиши;

  • ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир инсон шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини ёдда тутиши ва айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;

  • фуқаролар билан мулоқотда сансалорликка йўл қўймаслиги ҳамда бевосита ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган мурожаатлар юзасидан фуқароларни тегишли раҳбар ёхуд малакали масъул ходим билан боғлаши;

  • ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) фуқарога биринчи навбатда ўзини таништириши, унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, унинг чақирилиши ёхуд йўлда тўхтатилиши сабабларини тушунтириб бериши, унинг савол ва тушунтиришларига нисбатан эътиборли бўлиши, унга тааллуқли масалага оид қонун ҳужжатлари нормаларини таништириши, башарти фуқаро такроран чақирилган ҳолларда уни зудлик билан қабул қилиши ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилганлиги учун миннатдорлик билдириши зарур.

Ходимлар учун қуйидагилар қатъиян ман этилади:

  • ўзини фуқаролардан устун қўйиш, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ёки қўполлик қилиш, ёлғон гапириш ёхуд бошқа асоссиз баҳоналар билан уларни чалғитиш;

  • фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар ва муомалага (ҳақорат қилиш) йўл қўйиш, уларга нисбатан қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатиш ёки шундай куч ишлатиш билан қўрқитиш;

  • жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқишдан бўйин товлаш ёки кўриб чиқишни асоссиз рад этиш;

  • хизмат зарурати билан ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш;

Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари вакиллари билан 17 август куни ўтказган учрашувида орган фаолиятини такомиллаштиришда тизимни ислоҳ қилишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган эди. Учрашувда президент Мирзиёев ички ишлар органлари қачон халқ орасида муносиб обрў қозониши хусусида ҳам тўхталган:

«Одамлар ўзини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тўла ишонч билан, авваламбор, ички ишлар идораларига, профилактика инспекторларига мурожаат қилишига, ҳар бир ходимда ўз ҳимоячисини кўришига эришиш зарур. Шундагина ички ишлар органлари халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонади».

Ўша куни сўзга чиққанлар Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари муҳокомадан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиб, мажлисда кўтарилган ва соҳадаги мавжуд бошқа камчиликларни бартараф этиш йўлида астойдил саъй-ҳаракат қилишларини таъкидлаган эдилар.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан