Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Пахта – миллий бойлигимиз(ми?)
26.09.2017 12:16,  
2773

Пахта бизнинг бойлигимиз,

Ғўзапояси – ойлигимиз

(пахтазор мақоли)

Биз пахтага хизмат қилишни 4-синфдан бошлаганмиз. Ноябрнинг илк кунларидан кузги таътил бошланган, 4-синф ўқувчилари эса мактаб ҳовлисида кўсак тозалаганмиз. Ўшанда биздан юқори синфлар далага чиқишарди. Ўзимиз ҳам 5-синфдан далада пахта терганмиз. Табиийки, мактабни битиргунимизча ўртада узилиш бўлмаган. Ўша пайтларда халқаро ташкилотлар биз ҳақимизда қайғурмас эканми ёки ҳукуматимиз уларнинг дўқ-пўписаларига парво қилмас эканми, ҳарҳолда, 11 ёшли боланинг пахта теришига оддий ҳол сифатида қараларди. Бойкот, болалар меҳнати деган гаплар кейинроқ юзага чиқди.

Бола эканмиз, дарс бўлмасдан пахта терганимизга хурсанд эдик. Аммо иссиқ кунларда бошланган пахта терими совуқ тушганда ҳам давом этар, охирги теримда арзимаган бир неча кило териш учун эрта тонгдан кун ботгунча далада кезар, оёқ ости эса лой, зах бўларди. Сўнгра, қолиб кетган дарсларни ўзлаштиришимиз учун бир кунда иккитадан мавзуни ўрганишимизга тўғри келарди.

Болалигимиз шундай ўтди. Бугун замон бошқача. Бугунги болаларнинг бахти бор экан: энди мактаб ўқувчилари пахтага чиқмайди. Пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш қонунан тақиқланади. Биз бугун демократик тузумда яшаймиз. Ҳамма эркин меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Эркинлик борасида биз ғарбдан бир қадам олдинга илгарилаб ҳам кетдик. Бугун ўқитувчилар ўз хоҳишлари билан пахтага чиқишмоқда. «Миллий бойлигимиз»ни нест-нобуд қилмасдан, ёғингарчиликка қолдирмасдан, ўз вақтида териб олиш йўлида олий ватанпарварлик намунасини кўрсатмоқдалар…

Ишхонадан сўралган бир ҳужжатни олиш учун қишлоқ поликлиникасига бордим. Маълумотномаларни тайёрлаб берадиган ходим пахтада экан. Битта таксини кира қилиб пахта даласига боришга ва ўша ходимни поликлиникага олиб келишга тўғри келди. Керакли ҳужжат тайёр бўлгандан кейин ўша ходимни яна таксида пахта даласига элтиб қўйдик...

Жиянимнинг ўқишларидан хабар олиш учун мактабига бордим. Мактабда биринчи бўлиб учрашиладиган киши, шубҳасиз, синф раҳбари бўлади. «Пахтада, 4 кундан кейин келади», дейишди. Директор ўринбосарини ҳам топа олмадим. У ҳам пахтага кетганини тахмин қилдим. Синфма-синф юриб, ўқитувчиларни қидиришга тўғри келди. Ўша куни дарси йўқ ўқитувчиларни топишнинг иложи бўлмади. Пахтага кетишган эмиш...

Бир юмуш билан қўшнининг уйига чиқишимга тўғри келди. Қўшни аёл ёши 60 га яқинлашган, анчадан бери хасталикка қарши курашади. Оила молиявий томондан ҳам анча қийналган. Зўрға кун кўришади. Бир неча йиллардан бери қарзлари йиғилиб қолганидан хабарим бор.

Хаста онахон уч невараси билан уйда экан. Кичик невараси эндигина бир ойлик чақалоқ. Онахоннинг эри узоқ юртга ишлагани кетган, ўғли бировнинг машинасини ижарага олиб, таксичилик қилади. Келин уч нафар гўдакни касал қайнонасига ташлаб, икки ёшгача болаларга ёрдам пули олиш учун пахтага кетибди. Маҳалла қўмитаси пахтага чиқмаганларга ёрдам пули берилмаслигини айтибди...

Булар ўзим гувоҳ бўлган воқеалар. Эшитганларим эмас, кўрганларим.

Болалигимизда «Пахта – миллий бойлигимиз», «Пахта ҳаммамизни боқади» деган гаплар тинмай қулоғимизга қуйиларди. Ўша вақтда миллий бойлик нималигини яхши тушунмас эдик. Бугун дўппини бир четга қўйиб тафаккур қилиб кўрадиган вақт келгандай: Пахта ҳақиқатдан ҳам миллий бойлигимизми? Миллий бойлик нима дегани ўзи? Умуман, бир қишлоқ хўжалик маҳсулоти бутун миллатнинг бойлиги бўла оладими?

Агар миллий бойлик деганда мамлакат иқтисодиётига энг катта фойда келтирадиган соҳа назарда тутилса, пахта миллий бойлигимиз бўлолмаслиги аниқ. Пахтадан қанча даромад олиниши борасида ҳозиргача бирор расмий маълумот эълон қилинганини эслолмайман. Пахтадан келадиган жами даромад турли мустақил манбаларда бир миллиард доллардан уч миллиард долларгача баҳоланган. Пахтадан максимал уч миллиард доллар фойда қилсак ҳам бу хорижий мамлакатларда ишлаётган меҳнат муҳожирлари бир йилда Ўзбекистонга олиб келадиган валюта миқдоридан анча камроқни ташкил қилади.

Харажати ҳам ўзига яраша бўлган пахта хом ашёсидан олинадиган даромад ялпи миллий даромаднинг неча фоизини ташкил қилади? Бизда ЯИМ кўрсаткичлари ҳам расман эълон қилинмайди. Шунинг учун буни аниқ ҳисоб-китоб қилиш мушкул. Жаҳон банки ва БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ЯИМи тахминан 70 миллиард доллар атрофида деб олинг-да, ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Жанубий Корея иқтисодиётининг салкам 17 фоизини ташкил қиладиган “Самсунг” компаниясини корейслар миллий бойлик деб эълон қилганини ҳали эшитмаганман. Аксинча, яқинда “Самсунг” ижрочи директорини собиқ президентга пора бергани учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишди.

Агар бир маҳсулот миллий бойлик сифатида эълон қилиниши учун муайян мамлакат уни ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилик қилиши лозим бўлса, АҚШ ва Хитой барча маҳсулотларни миллий бойлик деб мақтаниши мумкин. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 90 фоизини етиштириш ҳажми бўйича бу икки мамлакат биринчиликни бошқаларга бермайди.

Агар муайян маҳсулот қишлоқ хўжалиги соҳасида энг кўп фойда келтиргани учун миллий бойликка айлантирилса, Хитойда чўчқа ва гуруч, АҚШда маккажўхори, Австралияда қўй, Ирландияда сигир, Бразилияда қаҳва, Ҳиндистонда банан, Россияда буғдой ва картошка, Испанияда узум, Туркияда зайтун, араб давлатларида хурмо, Афғонистонда эса наша миллий бойлик дея эълон қилиниши керак эди.

Аммо Америкада маккажўхори ҳосилини йиғиб олиш учун бутун мамлакат сафарбар қилинганини эшитмаганмиз. Корея ёки Японияда ўқитувчилар шоли ўришга борганини билмаймиз. Россияда шифокорлар картошка териб юрганидан ҳам хабаримиз йўқ. Араб давлатларида талабалар хурмо дарахтларида юрганию, Бразилия бозорларидаги сотувчилар қаҳва йиғишга одам ёллашга мажбурлангани ҳам ҳали қулоғимизга чалингани йўқ.

Жаҳон тажрибасида, айниқса, бозор иқтисодиётига асосланган тузумларда миллий бойлик деган тушунчанинг ўзи йўқ. Хусусий мулк деган тушунча бор, холос. Капиталистик мамлакатлар тажрибасидан маълумки, деҳқон ерга ўзи хоҳлаган маҳсулотни экади, ўзи парваришлайди, ўзи йиғиштириб олади ва ўзи сотади. Давлатга фақат солиқ тўлайди.

Пахта дунёнинг 77 мамлакатида экилади. Аксарият мамлакатларда ҳосил паха териш машиналари ёрдамида териб олинади. Эътибор беринг: пахта териш машинаси 1793 йилда америкалик муҳандис Эли Уитни томонидан ихтиро қилинган. 1850 йилда эса пахта териш машинасига биринчи марта патент берилган. Биз эса пахтани ҳалиям қўлда термоқдамиз.

Биз фермерга пахтасини экишдан то теришгача ёрдамлашамиз. Ҳамма ҳашарга: қатқалоқ, чопиқ, ягана, чеканка, ҳашаротга қарши дорилаш, гўнг етказиб бериш, сув қўйиш ва териб бериш ҳаммаси қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлмаган одамлар зиммасида. Бу бозор иқтисодиёти қонунларига мутлақо тўғри келмайди.

Дейлик, пахта – муҳим стратегик маҳсулот. Пахта етиштириш иқтисодиётимиз ва экспорт учун зарур. Пахтадан бутунлай воз кечишнинг иложи йўқ бўлса, у ҳолда уни етиштириш ва ва ҳосилини териб олиш ишини фермерга қўйиб берайлик. Ҳаммасига ўзи жавоб берсин. Қачонгача бюджет ташкилотлари ходимлари фермернинг хизматини қилади? Ва, албатта, ҳосилни йиғиб олиш механизациялаштирилиши керак.

Замонавий ва сифатли пахта териш машиналари устида бош қотириши керак бўлган бўлажак муҳандисларнинг (техника олийгоҳлари талабалари) миясидан эмас, пахта териш учун қўлидан фойдаланадиган миллат дунёда фақат биз бўлсак керак.

Умуман олганда, пахта муҳим стратегик хом ашё эканлиги ҳам сўроқ остида. Аввало, ғўза жуда серхаражат ўсимлик. Меҳнати, унга сарфланадиган ўғитлар ва дори воситалари бошқа ўсимликлар билан солиштирганда анча қимматга тушади. Қолаверса, ғўза жуда «очофат» бўлади. Сув ичиш борасида ғўза бемалол шоли билан рақобат қила олади. Бу борада бошқа ўсимликлар бу иккаласига тенглаша олмайди. Бугун замон олдимизга сув захираларидан оқилона фойдаланиш талабини қўймоқда. Биз эса Оролнинг экологик ҳалокатига сабаб бўлган пахтани миллий бойлигимиз, деб мақтаняпмиз.

Бундан ташқари, охирги 27 йил давомида пахта хом ашёси нархи дунё бозорида ҳавас қиладиган даражада бўлмади. Бугунги пахта нархи 1990 йилги нархдан деярли фарқ қилмайди. Ҳамма нарсанинг қиймати бир неча баробар ошган шу давр мобайнида пахта нархи ўзгаришсиз қолаётгани биз йилдан-йилга пахта етиштиришдан зарар кўраётганимизни англатади.

«Пахта – миллий бойлигимиз», дея кўкрагимизга уриш фақатгина ўзимизни алдашдан иборат, холос. Бугун пахта колхознинг эмас, фермернинг мулки. Уни етиштирган ҳам, фойдасини оладиган ҳам фермер. Пахта терими деб ўқувчилар дарссиз, беморлар даволанишсиз қолиши керак эмас. Пахтани деб ҳамма нарсадан кечиладиган замонлар ўтган. Бугун ҳар ким ўз ишини қиладиган давр келди.

Ижтимоий тармоқларда айрим «ватанпарвар»ларнинг пахтага чиқишни фидойилик белгиси сифатида кўрсатишга уринишлари эса тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат. Фидойилик ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан, бор имконияти даражасида бажариши, солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш, қонунларга риоя қилиш ва бошқаларнинг ишига халақит бермаслик билан бўлади. Ўқитувчи, шифокор ва талабалар пахта териши фидойилик эмас, аксинча, хиёнатдир. Шу юртга, ватанга хиёнат, унинг тараққиётига тўсқинлик қилишидир.

P.S. Бу битиклар ўтган ҳафтада ёзилган эди. Мақолани энди эълон қилишга чоғланганимизда, кутилмаган воқеа юз берди. Талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари пахтадан озод қилингани, ҳамма даладан қайтарилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Шу сабабдан уни эълон қилмасликка қарор қилган эдим. Аммо вазият яна ўзгарди.

Кечагина бюджет ташкилотлари пахтадан озод қилинишини эълон қилган ҳокимлар бугун мактаблар ва тиббиёт муассасалари зиммасига янги вазифа юклагани маълум бўлди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан олинган маълумотларга кўра, энди ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларидан ўрниларига одам чиқариш талаб қилина бошлабди. Ўқитувчи ва шифокор пахта теримига чиқиши жиноят экан, аммо ўрнига одам чиқариши қонунга мувофиқ, шекилли.

Ҳарҳолда, бир неча кун олдин ўқитувчилар далага қадам қўйишини жиноятга тенглаштирган ҳокимлар бугун уларга янги талаб қўйишмоқда. Айрим жойларда эса ўқитувчиларга якшанба ва дарсдан бўш вақтларида пахтага чиқиш, аммо ўқитувчи эканликларини айтмасликлари тайинлангани ҳақида ҳам эшитдик.

Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан