Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Қутадғу билиг” асарида ходимга маош тўлаш ҳақида нима дейилган?
13.12.2022 15:21,  
169

Атоқли ўзбек алломаларидан бири Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари нафақат шарқнинг ижтимоий, маданий тараққиётида балки иқтисодий юксалишида ҳам ўзига хос ўринга эга.

“Қутадғу билиг” – Қутга, яъни бахт-саодатга элтувчи билим, деган маънони англатади. Уни мутафаккир шоир 1069 йилда ёзиб тамомлаган. Муаллиф бундай улкан тарбиявий, маънавий, иқтисодий тафаккур манбайи бўлган асарни ёзиш учун узоқ тайёргарлик кўради. У кўплаб ўлкаларга саёҳат қилади, кўплаб маданий-адабий манбаларни ўрганади, тадқиқ этади. У деярли барча туркий халқлар яшайдиган ўлкаларда (Хитой, Туркистон, Эрон ва Турон) бўлади. Асар ўша даврнинг подшоҳи Тавғочхон ҳузурига келтирилади. Хон бу асар билан танишиб чиққач, унинг бадиий, илмий, тарихий, маънавий аҳамиятини ҳаққоний тақдирлаб, шоирга Хос Ҳожиб унвони берилади. Ушбу асар XV аср ўрталарида Ҳирот шаҳрида қайта кўчирилади. Маълумки, бу давр Ҳиротда Атоий, Саккокий, Лутфий каби сўз мулкининг даҳолари ижод этишарди. Шундай бир муҳитда китобга берилган эътибор асарнинг ҳақиқатда ҳам жуда юқори қийматидан далолат берар эди.

Қайд этиш жоизки, “Қугадғу билиг” биз учун ҳам ғоят муҳим иқтисодий ғоялар илгари сурилган асар сифатида илмий аҳамият касб этади. Асардаги иқтисодий муносабатларнинг турли жиҳатлари тўғрисидаги фаразлар, айниқса, қимматлидир. Асарда меҳнатга тўғри ҳақ тўлаш, бошқалар меҳнатини тўғри тақдирлаш, қадрига етиш, моддий манфаатдорлик, касб-ҳунар эгаллаш, кучли ижтимоий ҳимоя масалаларига катта ўрин берилган. Асарда муаллиф тақсимот муносабатларига, ўлчамнинг рағбатлантирувчи аҳамиятига эътиборни қаратади, зеро, рағбатлантириш кучига эга бўлган тақсимот муносабати ишлаб чиқаришни кучайтиради, жамият ва халқ бойлигини орттиради.

Жумладан, Юсуф Хос Ҳожиб ушбу асарида қуйидагича ёзади: “Хизмат аҳли ўз меҳнати натижасидан умидвор туради. Умидини топмаган ходим кўнгли синади”. “Аммо хизмат қилувчиларни ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Улар турли туман тоифаларга бўлинади. Ходимларнинг наф келтирувчилари бор, шунингдек, нафи йўғи ҳам анча. Наф келтирувчи кишига хизматига лойиқ равишда тортиқлар бериш керак. Хизматига лойиқ тақдир кўрган ходимнинг боши кўкка етади. Инсон дегани, ахир, ҳайвон тенги эмас. Ана шуни билиб, унга амал қилинса, барча иш кўнгилдагидек бўлади...” Кўриниб турибдики, аллома текис тақсимотни, барчани баб-баробар таъминлаш тизимини танқид қилмоқда. Ҳар бир ходим ўз меҳнатига, ҳаракатига, иш унумига, келтирган нафига қараб тақдирланса, ҳамма иш кўнгилдагидек бўлади. Шу билан бирга, ҳар бир соҳибкор, иш берувчи унга ёлланган ходимнинг меҳнатини тўғри қадрлашга чақирилади. Бу, бир томондан, ишнинг самарали бўлишига олиб келса, иккинчи томондан, “Бошқалар меҳнатининг қадрига етиш инсонийликнинг энг йирик аломатидир” (ўша жойда). Буюк олим ушбу асарда давлат билан (юрт бошлиғи) меҳнаткаш ходим ўртасидаги бир сирни очади. Бунга кўра, давлатнинг буюк бўлиши, унинг бойиши, эл бошлиғининг эса довруғи оламга ёйилиши учун халқ бойиши, ишлайдиган одамлар меҳнатига мувофиқ рағбатлантирилиши лозим. “Юрт бошлиғи (давлат) одамларни ўз меҳнати натижаларидан манфаатдорлигини таъминласа, юрт учун фидойи бўладилар, ўз жонини ҳам аямайдилар”, деб таъкидлайди Юсуф Хос Ҳожиб. У давлат раҳбарини халқини тўқ ва фаровон қилишга ундайди. Улуғ бобокалонимизнинг юқоридаги иқтисодий ўгитлари мамлакатимиз Президенти И. Каримовнинг иқтисодий қарашлари, бозор иқтисодиётини қуриш концепсияси ҳамда унинг иқтисодий сиёсати, у бошлиқ ҳукуматимиз олиб бораётган яратувчанлик фаолиятида эътиборга олинмоқда, уларга асосланилмоқда. Фикримизнинг исботи сифатида И. Каримовнинг “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида” номли китобидаги қуйидаги сатрларни келтирамиз: “Бунда ислоҳотлар инсон манфаатларига мос келган, унинг талаб ва эҳтиёжларини қондиришга ёрдам берган, турмуш даражасини оширишга қаратилган тақдирдагина аҳамиятли бўлишини ҳамиша ёдда тутмоғимиз лозим”. Ҳа, инсон ҳаётининг даражаси ўзи қилаётган меҳнатга, унинг сифатига ва миқдорига боғлиқ эмас экан (“хизматига яраша” – Юсуф Хос Ҳожиб), ҳеч қандай иқтисодий ислоҳот кўзланган натижани бермайди.

Маълумки, инсонлар ўзларининг ҳар бир ҳаракатидан манфаат ахтаради, зеро, манфаат катта ҳаракатлантирувчи кучдир. Ушбу ҳақиқатни Юсуф Хос Ҳожиб қуйидаги фикр билан тасдиқлайди: “Аслида бутун қимирлаган жон наф ва эзгуликни ўйлаб ҳаракатланади. Шу нафи бўлмаганида эди овчи ҳам уйдан чиқмас эди”. Бу фикр, кейинчалик, “Сиёсий иқтисод” дарсликларида бошқалар тилидан, “ҳар қандай ҳаракат заминида манфаат ётади” деган ибора билан ифодалаб келинди. Мулк ва мулкий муносабатлар ҳақида. Иқтисодий муносабатлар марказида мулк ва унга нисбатан вужудга келадиган одамларнинг қарашлари туради. Мулкий муносабатлар ишлаб чиқариш муносабатларининг моддий асосидир. Иқтисодиёт назариясининг ана шу адолатли хулосаси мамлакатимизда олиб борилаётган, иқтисодий ислоҳотларга ҳам сингдирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида...” номли асарида одамларни мулкдор қилиш, ўрта мулкдорлар синфини вужудга келтириш кечиктирилмас вазифа эканлиги уқтирилган. Бундай хулосалар улуғ шоиримиз Юсуф Хос Ҳожибнинг қуйидаги иқтисодий ғоясига асосланилган бўлса ажаб эмас:

– “Моли бўлса киши билим ўрганади, барча эзгуликка қўл чўзади. Бу мол билан киши тилак тиласа (меҳнат қилса – муаллиф), мол-дунёси бир йўлак, яъни восита бўлиб, юқорига кўтарилади”. “...кишининг моли бўлмаса, барча эзгуликларга ҳам унинг қўли қисқалик қилади”. Ана шу иқтисодий фикрлар неча асрлардан ошиб, бизгача етиб келган ва маънавий мулкимизга айланган.

“Қутадғу билиг” асарининг иқтисодий ғоялар қамрови жуда кенг ва нуфузлидир. Унда бошқарув илмига оид, элни, юртни идора қилишга оид фикрлар ҳам ифодаланган. Юсуф Хос Ҳожиб ҳар бир инсонни ҳунар ўрганишга, ҳунарли бўлишга чақиради. У “турли-туман ҳунарларни ўрганмаслик тубанлик белгисидир”, – деган фикрни илгари суради. Бу фикр, кейинчалик, Шарқ халқларининг умуммиллий қоидасига айланиб кетди. Маълумки, бу ғоя улуғ донишманд Баҳоуддин Нақшбанд томонидан “Даст ба кору дил ба ёр”, яъни “қўлингиз ишда бўлсин, қалбингиз Аллоҳда бўлсин” ибораси билан ривожлан тирилди. “Қутадғу билиг” асарида аллома деҳқонлар, савдогарлар, чорвадорлар, турли-туман ҳунар соҳиблари хусусида алоҳида-алоҳида боблар зикр этилган. Масалан, деҳқонларга бағишланган бобда қуйидаги мисралар бор:

“Қимирлаган жонга наф берар улар,

 Ейишу ичишга жон берган шулар.

 Нафас олган бутун тирик жонивор,

 Деҳқондан бўлмоғи керак миннатдор.

Асарда ноз-неъмат яратувчиларнинг яна бир тоифаси-чорвадорлар ҳақида ҳам жуда илиқ фикрлар баён қилинган. Бу касб эгаларига ҳам яхши меҳнат ва рағбатлантириш шароитлари яратиб берилиши кераклиги уқтирилади. Кўриниб турибдики, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари нафақат ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга китоб. Балки, иқтисодий жиҳатдан ҳам у муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз!

 

“Иқтисодий таълимотлар тарихи”

 китоби асосида тайёрланди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан