Нархлар нега ўсмоқда?

28.09.2017 | Таҳлил | 3151

Янги иқтисодий воқеликда қандай яшаш керак? «Kommersant.uz» эксперт Юлий Юсуповнинг бу борадаги фикрларини келтиради.

Аввал тахмин қилганимдек, ҳукумат ва Марказий банк (МБ) валюта бозорини либераллаштириш курсини давом эттирди: импорт товарларига божлар сезиларли пасайтирилди, 1 октябрдан бошлаб аҳолига нақд валютанинг эркин сотилиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, расталардаги нархлар анча кўтарилиб қолди. Бунинг сабаблари бир қанча:

— Ҳукумат валюта либерализациясини бироз чўзгани сабабли юзага келган ноаниқ вазиятда, ёз ойларида бизнес фаоллигининг сусайиши кузатилди. Бизнес конвертация киритилишини кутиб «қотиб» қолди. Натижада, баъзи позициялар бўйича товар таклифлари қисқарди. Қисқариш эса, табиий тарзда, нарх ўсишини юзага келтиради.

— Божхона тўловлари пасайтирилиши кечиккани сабабли, сентябрда импорт товарлар ё эски ставкаларда божхонадан ўтказилди (яъни, икки баробарга ошган расмий курс бўйича бож тўланди) ва, пировардида, нархлар кўтарилди ёки ваъда қилинган ставкалар пасайишини кутиб, божхонадан ўтказилмай тўхтатиб турилди (бинобарин, бозордаги таклиф қисқарди ва нархлар кўтарилди).

— Очиқ-ойдин ва кишибилмас имтиёзлар туфайли бизда кўпгина бозорлар кучли монополлашган (бу ҳақда кўп бора ёзганман). Имтиёзли конвертациядан маҳрум бўлган, лекин бозордаги монопол мавқеини сақлаб қолган компания, табиийки, «конвертациявий» даромадининг ўрнини нархни кўтариш орқали қоплаш пайида бўлади. Бунга қарши фақат бир йўл билан – рақобатни ривожлантириш орқалигина курашиш мумкин. Бунинг учун бозор иштирокчилари учун тенг шароитларни таъминлаш (индивидуал имтиёзлардан воз кечиш), бозорга киришдаги маъмурий тўсиқлар (рухсатномалар, лицензиялар, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, коммуникацияларга улаш, баъзи компанияларга алоҳида имтиёзлар бериш, рақобатчилар билан курашда «маъмурий ресрус»дан фойдаланиш ва ш.к.)ни бартараф этиш лозим.

— Ҳозирча инфляциянинг туб сабаблари – ортиқча пул эмиссияси ва давлат харажатлари бартараф этилмаган. Қолаверса, МБ, афтидан, бозор курсини тахминан бир долларга 8000 сўм даражасида ушлаб туриб, ортиқча долларни харид қиларкан, муомалага қўшимча сўм чиқармоқда. Аввал айтганимдек, бу инфляцияни янада кучайтириши мумкин.

Фикримча, ҳукумат ва МБ инфляцияга қарши курашга яна ҳам кўпроқ куч ташлаши керак. Яхшики, энди МБда пул массасини кўпайтириш учун бозор воситалари пайдо бўлди. Улар тўлиқ куч билан ишлаши учун тижорат банкларининг мустақиллигини кенгайтириш ва банк тармоғида рақобатни ривожлантириш, аниқроқ айтганда, банк ислоҳотини ўтказиш лозим.

Шунингдек, афсуски, одатий бўлиб қолган нархларни жиловлашнинг маъмурий услублари (тадбиркорни «тегишли жой»га чорлаб, нархни пасайтиришга мажбурлаш)дан воз кечиш жуда муҳим. Бундай маъмурий чоралар танқислик, қора бозорнинг юзага келишидан бошқа самара бермайди, боз устига, ишлаб чиқариш қисқаради (бизнес фойда келтирмаётган ишлаб чиқаришни тўхтатади), бинобарин, келгусида нархлар яна ҳам кўтарилади.

Барчамиздан – амалдорлардан ҳам, тадбиркорлар ва оддий фуқаролардан ҳам – янги «ўйин қоидалари»га кўникиш талаб этилади. Биз бозор иқтисодиётида яшашни бошлаяпмиз, бу ерда:

— нархлар исталган томонга, кутилмаган тарзда ўзгариши мумкин ва бундан ваҳимага тушмаслик, ғазабга минмаслик керак;

— товарлар ва хизматлар учун, улар талаб ва таклиф мутаносиблигига мувофиқ қанча турса, шунча тўлаш лозим (бизга маъқул нархда эмас);

— тадбиркорлар бозор конъюнктураси ўзгаришларига мослашувчан бўлишларива қисқа муддатли мақсадлар (масалан, нархларни кескин кўтариш орқали пул ишлаб олиш)дан ташқари, узоқ муддатли (обрў ва ишончга боғлиқ) мақсадлар ҳам борлигини унутмасликлари керак;

— амалдорлар, одатий маъмурий услублар ўрнига, таъсир кўрсатишнинг билвосита усулларидан фойдаланишлари (бунинг учун эса, юқорироқ малакага эга бўлиш) талаб этилади;

— ҳукумат ҳаракатларининг олдиндан билиб бўлмаслиги ва тезкор эмаслигибизнес фаоллиги сўнишига ва нархлар кескин кўтарилишига олиб келади.

5 сентябрдан бошлаб биз янги иқтисодий воқеликда яшамоқдамиз – у «бозор иқтисодиёти» деб аталади ва биз аввалда қўллаб келганимиздан мутлақо фарқли хатти-ҳаракатларни назарда тутади. Буни қанчалик тезроқ англасак, ўзимиз учун ҳам, иқтисодиётимиз учун ҳам шунчалик яхши бўлади.

Бозор қонунлари бўйича яшашни ўрганайлик!