"Ўзбекгидроэнерго" Қирғизистондаги ГЭС қурилишида иштирок этади

07.10.2017 | Ўзбекистон | 2352

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭСи қурилишида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

6 октябр куни "Ўзбекгидроэнерго" ва Қирғизистон "Миллий энергетика холдинг компанияси" ўртасида Қамбарота-1 ГЭСини қуриш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Ҳужжат Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланди.

Илгарироқ Атамбаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунларига кўра томонлар Қамбарота ГЭСини ҳамкорликда қуришга келишиб олганини маълум қилганди.

Бундан ташқари, томонлар яна бешта ҳамкорлик ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 2017-2018-йилларда Қирғизистонда Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги шартнома, Жалолобод вилояти Олабуқа туманида Орто-токой (Косонсой) сувомборининг сув ресурсларидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисидаги, ҳаво транспорти ва автомобил қатнови тўғрисидаги битимлар шулар жумласидандир.