Испанияда Каталония мустақиллик ҳаракати раҳбарларини жазолаш бошланди

17.10.2017 | Жаҳон | 2941

Каталонияда мустақиллик тарафдори бўлган иккита нодавлат ташкилот етакчиларини қамоққа олинди, дея хабар бермоқда “Гардиан” нашри.

Каталония Миллий Ассамблеяси раҳбари Хорди Санчес ва Омниум мустақиллик ҳаракати раҳбари Хорди Куксар фуқароларни ҳукуматга бўйсунмасликка чорлашда айбланмоқда. Суд уларнинг ҳар иккаласини гаров эвазига озод қилишдан бош тортган ва тергов ҳаракатлари охирига етгунча ҳибсда сақлашга қарор қилган.

Прокуратура эълон қилган айбловда айтилишича, Хорди Санчес ва Жорди Куксар каталонияликларни мустақиллик талабида намойишга чиқишга чорлаб келган. Сентябрь ойида мустақиллик маршида Испания полициясини Барселонадаги бино ичига қамалиб қолиши ва полиция машиналарини йўқ қилишда улар асосий ўрин тутганлар.

Каталония Миллий Ассамблеяси ва Омниум мустақил ҳаракат сифатида Каталония аҳолисини тинч намойишларга олиб чиқишда катта кўламдаги ишни бажарган. Улар ташкил қилган тадбирларда юз минглаб одамлар мустақиллик учун намойиш ўтказган.

Каталония президенти Карлес Пуждемон икки мустақиллик ҳаракати раҳбарлари ҳибсга олинишини қоралаган. “Испания Каталониянинг фуқаролик жамияти етакчиларини тинч намойишлари учун қамоққа олди. Афсуски, бизда яна сиёсий маҳбуслар бор”, – деб ёзган Пуждемон ўзининг Твиттердаги саҳифасида.

Бундан ташқари Испания олий суди Каталония полицияси раҳбари Хосеп Луис Траперога мамлакатни тарк этишни тақиқлаб қўйган ва унинг паспорти олиб қўйилган. Траперо Барселонадаги мустақиллик учун намойишлар ва референдум кунидаги тўқнашувлар пайтида референдумга етарлича қаршилик кўрсатмаганликда айбланган.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни Каталонияда мустақиллик учун референдум бўлиб ўтган эди. Испания ҳукуматининг қаршилигига қарамасдан, 43 фоиз сайловчилар референдумда қатнашишга муваффақ бўлган. Референдум кунида сайловчилар ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувларда 900 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Каталония ҳукумати сайловчиларнинг 90 фоизи мустақилликни ёқлаб овоз берганини эълон қилган ва ўтган сешанба куни мустақиллик декларацияси имзоланган. Карлес Пуждемон мустақилликни расман эълон қилмаган ҳамда мустақиллик эълон қилингани бўйича Испания ҳукумати қўйган ултиматумни рад этган. Каталония раҳбари Испания ҳукуматини халқнинг танловини ҳурмат қилишга ва мустақиллик бўйича музокара ўтказишга чақирмоқда

 theguardian.com