Мол-мулкни мусодара қилишга тааллуқли ўзгартишлар кучга кирди

18.10.2017 | Ўзбекистон | 3548

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни жиноят содир этишда иштирок этмаган шахсларнинг мол-мулкини мусодара қилишни тақиқлаш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритишни кўзда тутувчи қонунни имзолади.

Жиноят-процессуал кодексининг янгиланган 211-моддаси 1-қисмига кўра, эндиликда гумондор, айбланувчи, судланувчи, ҳукм қилинган шахсларга тегишли жиноят қуроллари мусодара қилиниб, тегишли муассасага тақдим этилади ёки йўқ қилинади. Бунда гумондор, айбланувчи, судланувчи, ҳукм қилинган шахсга тегишли бўлмаган мол-мулклар қонуний эгаларига қайтарилади.

Гумондор, айбланувчи, судланувчи ёки ҳукм қилинган шахсга тегишли бўлмаган ва қонуний эгалари аниқланмаган мол-мулклар давлат ҳисобига ўтказилади.

Модданинг аввалги таҳририда жиноят қуроллари мусодара қилинади, дейилган эди.

Шу билан биргаликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг маъмурий ҳуқуқбузарлик қуролини мусодара қилишга оид моддасига ҳам ўзгартиш киритилди. Кодекснинг 27-модда 1-қисми ҳуқуқбузарга тегишли бўлмаган буюмлар олиб қўйилмайди.

Ўзгартишлар қонун расман эълон қилинган санага (17 октябрь) қадар қабул қилинган суд қарорларига биноан мусодара этилувчи мол-мулкларга тааллуқли эмас.