Тошкент вилоятида фермерлар учун тўртта метеостанция ўрнатилмоқда

28.10.2017 | Ўзбекистон | 2386

27 октябрь куни Тошкент вилоятида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасидаги «Ўзбекистон бизнес форуми (III босқич)» қўшма лойиҳаси доирасида тўртта қишлоқ хўжалиги метеостанциясини ўрнатишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Метеостанциялар Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Паркент ҳамда Тошкент туманларида ўрнатилади ва 10 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олади. БМТТД хабар қилинишича, мазкур ҳудудда 800 фермер ва деҳқон хўжалигини агротехник тадбирлар ўтказишга оид бепул профессионал тавсиялар билан таъминланади.

Ҳар бир метеостанция ёғингарчилик ҳажми, тупроқ ҳарорати, ҳаво ва баргнинг намлик даражасини, шамол тезлиги ва йўналиши каби қатор кўрсаткичларни прогнозлаштирадиган датчиклар билан таъминланган. Консалтинг компанияси метеомаълумотлар таҳлилини мунтазам равишда деҳқонларнинг уяли телефонига узатиб туради. Унда 7 турдаги экин учун касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича агротехник тадбирлар ўтказиш зарурати юзасидан тавсиялар ўрин олади.

Мунтазам консальтинг кўмагидан ташқари, фермер ва деҳқон хўжаликлари боғдорчилик бўйича таълимий тренингларда иштирок этишлари ва қишлоқ хўжалиги экинлари касалликлари, зараркунандалари ва ҳимоя усуллари тўғрисидаги чўнтак карточкаларига эга бўладилар.

Лойиҳа синовдан муваффақиятли ўтганидан сўнг у бутун Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилади. Шундай йўл билан smart farm («ақлли ферма») концепциясини жорий этиш бўйича пойдевор қўйилиб, хўжаликни юритиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади.