АҚШлик профессор: Лас-Вегасдаги қирғинда "терроризм" сўзи тилга олинмаганди

01.11.2017 | Ўзбекистон | 3364

Нью-Йорк шаҳри университети профессори Дэниэл Шоу Russian Today билан суҳбатда шаҳарда содир этилган террорчилик ҳаракати Пентагон ва АҚШ Давлат департаментининг "қулай экстремистлар"ни қўллаб-қувватлаш сиёсати маҳсули эканлигини айтди.

"Бундай терактларни АҚШнинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги сиёсати билан боғламасликнинг иложи йўқ. Биз терроризмнинг ҳар қандай кўринишини истисносиз қоралашимиз шарт. Қизиқ, Трамп ва мэр Де Блазио воқеани дарҳол теракт деб аташди, Лас-Вегасдаги оммавий қирғинда "терроризм" сўзи тилга олинмаганди (АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида 1 октябрь куни мусиқа фестивали вақтида Стивен Паддок исмли 64 ёшли нафақахўр минглаб томошабинларни ўққа тутди. Фожиада 50 дан ортиқ киши қурбон бўлган, 500 дан ортиқ одам жароҳатланган – таҳр.). Мусулмон мамлакатларидан келганлар содир этган жиноятларга нисбатан маълум бир икки ёқлама стандарт қўлланилади", — деди профессор Russian Today журналистларига.

Сешанба куни Нью-Йорк марказида, Манхэттенда, кичик юк автомобили (пикап) велосипедчилар йўлагидан бир неча километр босиб ўтган ва мактаб автобусига бориб урилган. Оқибатда 8 киши қурбон бўлган ва 10дан ортиқ киши жароҳатланган. Нью-Йорк мэри Билл Де Блазио ушбу воқеани теракт деб атади.

АҚШ ОАВлари хабарига кўра, мазкур терактни содир этишда гумонланиб қўлга олинган шахс 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сейфулло Соипов бўлиб чиққан. У АҚШга 2010 йилда грин карта орқали келган.